Ўзбекистон – Европа муосабатлари ЎзА нигоҳида
Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан алоқалари сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, иқтисодий шерикликни кенгайтириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали изчил ривожланмоқда. Кейинги мулоқот ва келишувлар бу жараёнда амалий натижаларга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон – Испания: ҳамкорлик алоқалари янада ривожланмоқда

Яқинда Мадрид шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Испания ташқи ишлар, ЕИ ва халқаро ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Альбарес ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, сиёсий мулоқотни жадаллаштириш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш каби жиҳатлар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси, дипломатик паспорт эгалари учун визани бекор қилиш тўғрисидаги битим ҳамда дипломатик кадрлар тайёрлаш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Томонлар кўп қиррали шерикликни изчил давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.
Ўзбекистон – Руминия: бизнес мулоқотлар ва натижалар

Бухарест шаҳрида икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда саноат, қишлоқ хўжалиги, IT ва савдо соҳалари вакиллари қатнашиб, ўзаро ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Мулоқотларда Руминиянинг халқаро бозорларга чиқишдаги ўрни ва Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, румин тадбиркорлари Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди. Учрашув доирасидаги сессиялар тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга замин яратди.
Сирдарё – Бекеш: ҳудудлараро шериклик имкониятлари кенгаймоқда

Ўзбекистон делегациясининг Венгриядаги Бекеш провинциясига амалга оширган ташрифи доирасида маҳаллий ҳокимият ва ишбилармон доиралар билан музокаралар ўтказилди. Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ушбу ҳудуд билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Сирдарё вилояти ва Бекеш ўртасида савдо-инвестиция алоқаларини йўлга қўйиш, қайта ишлаш, логистика ва маданий алмашинув соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Якунда ўзаро ташрифлар, бизнес-форумлар ва ҳамкорлик ҳужжатларини тайёрлашга келишиб олинди.
“Made in Uzbekistan” бренди халқаро майдонда

Буюк Британия пойтахтида ўтган “IFE London 2026” кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони намойиш этилди. Унда ўнлаб маҳаллий компаниялар озиқ-овқат маҳсулотлари ва қайта ишланган товарларини тақдим қилди.
Кўргазма доирасида хорижий харидорлар ва инвесторлар билан B2B учрашувлар ўтказилиб, маҳсулотлар тақдимоти намойиш этилди. Мутахассислар Британия бозорига кириш бўйича амалий тавсиялар берди. Тадбир экспорт имкониятларини кенгайтириш ва янги шериклар топишга хизмат қилиши қайд этилди.
Италияда Марказий Осиё салоҳияти муҳокама қилинди

Рим шаҳрида Марказий Осиёнинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда экспертлар минтақа Европa, хусусан Италия учун ишончли ҳамкор ва стратегик барқарорлик омилига айланиб бораётганини таъкидлади.
Йиғин доирасида Марказий Осиёнинг жаҳон сиёсати ва логистика тизимидаги ўрнини таҳлил қилувчи илмий асар тақдим этилди. Экспертлар фикрича, минтақадаги ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати Европа сармояси учун янги имкониятлар яратмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА