Ўзбекистон енгил атлетикачилари 22 та медалга сазовор бўлди
Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида XXXV Қосанов хотира турнири якунланди. Дунёнинг 11 давлатидан қарийб 250 нафар енгил атлетикачи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли қатнашди.
"World Athletics Continental Tour Bronze" тақвимидан ўрин олган ушбу мусобақани атлетларимиз 10 та олтин, 7 та кумуш ва 5 та бронза медали билан якунлади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Барнохон Сайфуллаева (баландликка сакраш), Жонбиби Ҳукмова (400 метр), Лайло Аллаберганова (100 ва 200 метр), Султон Ғафуржонов (100 метр), Лидия Подсепкина (100 метр ғовлар оша), Эргаш Нормуродов (110 метр ғовлар оша), Вадим Чикалов (баландликка сакраш), Сабоҳат Самижонова (800 метр) ҳамда Ўзбекистоннинг 4х100 метрга эркаклар эстафета жамоаси олтин медалларни қўлга киритди.
Шунингдек, Валерия Горбатова, Сабоҳат Самижонова (1500 метр), Аббосбек Тоштемиров, Рухшодбек Мамуров, Амир Нагаев, Сурайё Зарипова ва Садафбону Нусратиллоева кумуш медалларга сазовор бўлди. Бронза медаллар эса Александра Юркевская, Ҳасанбек Рустамжонов, Муҳамед Кадиров, Самир Бувабеков ва Ҳасан Мирсоатов ҳисобига ёзилди.
Мазкур мусобақада қайд этилган натижалар Ўзбекистон енгил атлетикаси вакилларининг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА