Ўзбекистон делегацияси Хитойда рақамли технологияларни қишлоқ хўжалигида қўллаш тажрибасини ўрганди
Ўзбекистоннинг аграр олий таълим муассасалари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация Хитойнинг Шинжон ҳудудида бўлди.
Делегация аъзолари замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, қишлоқ хўжалигида рақамли ечимлар ҳамда юқори ҳосилли экинларни етиштириш бўйича илғор тажрибани ўрганиб қайтди.

ФАО ахборот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, ташриф Хитой –Марказий Осиё ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилаётган “Саноат-таълим интеграцияси орқали замонавий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш” дастури доирасида ташкил этилди.
Мазкур дастур қишлоқ хўжалиги таълими ва техник алмашинувлар йўналишида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш салоҳияти бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Шинжон ва Марказий Осиё ўртасидаги маданий алмашинувлар ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган.

Дастур рақамли технологияларни қишлоқ хўжалигида қўллаш, Шинжон тажрибаси асосида юқори ҳосилли пахта етиштириш, қурғоқчил ҳудудларда сув ва ўғитлардан самарали фойдаланиш технологиялари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва сифат назорати каби асосий йўналишларни қамраб олди.
– Мазкур ўқув дастури бизга замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини амалий жиҳатдан ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш имконини берди, – деди Ўзбекистон делегацияси вакили Ботир Ҳайитов. – Айниқса, рақамли технологиялар ҳамда сув ва ўғитларни интеграциялаш бўйича тажриба қурғоқчил ҳудудларимиз учун катта аҳамиятга эга. Хитойда қўлланилаётган таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси модели аграр олий таълим муассасаларида янги авлод мутахассисларини тайёрлашда илмий билим ва амалиётни уйғунлаштириш учун самарали ечим бўлиши мумкин.

Ташриф якунида делегация аъзолари ўрганилган тажрибаларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятини муҳокама қилди. Рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, юқори ҳосилли экинларни етиштириш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА