Ўзбекистон бокс терма жамоаси жаҳон кубогининг иккинчи босқичида қатнашади
Мусобақанинг ҳал қилувчи финал босқичи жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 15–20 июнь кунлари Хитойнинг Гуйян шаҳрида “World Boxing” ташкилоти томонидан ташкил этиладиган жаҳон кубогининг иккинчи босқич баҳслари бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари тўлиқ таркибда иштирок этади.
Шуни таъкидлаш лозимки, жаҳон кубоги уч босқичда ўтказилаётган бўлиб, дастлабкиси апрель ойида Бразилияда ташкил этилган. Унда дунёнинг 49 мамлакатидан 400 нафар иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Терма жамоамиз вакиллари ушбу босқичда 4 нафар боксчи билан қатнашиб, 2 олтин ва 1 бронза медалига сазовор бўлди. Маълумот ўрнида, жаҳон кубогининг ҳал қилувчи финал босқичи жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Жаҳон кубогининг иккинчи босқичида юртимиз шарафини қуйидаги боксчилар ҳимоя қилади:
Эркаклар: Асилбек Жалилов (-50 кг), Самандар Олимов (-55 кг), Абдумалик Халаков (-60 кг), Миркомил Саитохунов (-65 кг), Шавкатжон Болтаев (-70 кг), Жавоҳир Абдураҳимов (-75 кг), Жавоҳир Умматалиев (-80 кг), Акмалжон Исроилов (-85 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (-90 кг), Арман Маханов (+90 кг).

Аёллар: Фарзона Фозилова (-48 кг), Феруза Казакова (-51 кг), Азиза Ёқубова (-54 кг), Нигина Ўктамова (-57 кг), Ситора Турдибекова (-60 кг), Райҳона Қурбонбоева (-70 кг), Азиза Зокирова (-75 кг), Рухшона Парпиева (-80 кг), Олтиной Сотимбоева (+80 кг).

Терма жамоага бош мураббий Тўлқин Қиличев раҳбарлик қилади. Мураббийлар штаби таркибидан Хуан Энрике Стейнерс, Раҳматжон Рўзиохунов, Акмал Ҳасанов ва Даврон Ғафуров ўрин олган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА