Ўзбекистон – Беларусь: аграр соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Давлатимиз раҳбарининг Беларусь Республикасига расмий давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташриф доирасида бўлиб ўтаётган III Беларусь ва Ўзбекистон ҳудудлари форумининг “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат” йўналишидаги ялпи сессиясида Ўзбекистон Республикаси ыишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев иштирок этди.
Унда икки мамлакат ўртасида озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ва аграр соҳадаги тажриба алмашинувини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Беларусдан Ўзбекистонга гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 23,8 фоизга ошган. Шунингдек, колбаса ва тайёр гўшт маҳсулотлари экспорти қарийб 2,5 баробар, сут маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми эса сезиларли даражада кўпайган.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, Минск шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши икки мамлакат маҳсулотларини ўзаро бозорларга олиб чиқиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА