Ўзбекистон банклари тўрт ойда қарийб 7 триллион сўм соф фойда олди
Ўзбекистон банк тизимида молиявий барқарорлик ва самарадорлик кўрсаткичлари изчил ўсишда давом этмоқда. Марказий банкнинг таҳлилий маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатда фаолият юритаётган 34 та тижорат банки жами 6,94 триллион сўм соф фойда қайд этган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,64 триллион сўмга кўп бўлиб, банк секторининг даромадлилиги сезиларли даражада ошганини кўрсатади. Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида банкларнинг соф фойдаси 3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, сўнгги икки йил мобайнида мазкур кўрсаткич икки баравардан зиёд ўсган.
Банк тизими активларида ҳам ижобий ўсиш кузатилмоқда. Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, мамлакат банкларининг жами активлари ҳажми 962,8 триллион сўмга етган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан қарийб 133 триллион сўмлик ўсиш демакдир.
Марказий банк маълумотларига кўра, банк активларининг 338,5 триллион сўми ёки 35 фоизи хорижий валюта ҳиссасига тўғри келади. Қиёсий таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2025 йил 1 май ҳолатида хорижий валютадаги активлар ҳажми 335,8 триллион сўм бўлиб, умумий активларнинг 40 фоизини ташкил этган.
Демак, бир йил ичида валютадаги активлар улуши 5 фоиз бандга қисқариб, миллий валютадаги операциялар салмоғи ортган.
Банкларни активлар ҳажми бўйича таҳлил қилганда, мамлакатда активлари 30 триллион сўмдан юқори бўлган 12 та банк фаолият юритмоқда. Шунингдек, 9 та банкнинг активлари 10–30 триллион сўм, 8 та банкнинг активлари 3–10 триллион сўм оралиғида бўлса, 5 та банкнинг активлари 3 триллион сўмгача етади.
Банклар фойдасининг ўсиши кредитлаш ҳажмларининг кенгайиши, молиявий хизматларга бўлган талабнинг ортиши ҳамда банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси билан боғлиқ. Бу эса мамлакат иқтисодиётини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА