Ўзбекистон астро иқлими қандай ҳолатда? (+Видео)
Академик билан суҳбат
Таниқли астроном олим, академик Бобомурод Аҳмедов билан миллий астрономияни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.
— Астрономия мураккаб фан. Сиз кўпроқ қайси жиҳатини ўрганасиз?
—Юлдуз умрини яшаб бўлганидан сўнг у портлайди, яъни сўнади ва қолдиғи массасига қараб оқ митти, нейтрон юлдуз ёки қора ўрага айланади. Ана ўша яшаш умри тугаган юлдузларни ўрганиш менинг асосий вазифам. Астрономик тил билан айтганда ёш юлдузлар туғилиши учун кекса юлдуз, ўта янги юлдуз бўлиб портлаб, ҳалок бўлиши керак.
— Бугун Ўзбекистоннинг астро иқлими қай ҳолатда? Олимларнинг юлдузларни ўрганиш имконияти қандай?
—Галактикамиз номи “Сомон йўли” деб аталади. “Сомон йўли” галактикасининг ўзида 200 миллиард юлдуз бор. Қуёш саноқсиз юлдузлардан биттаси ва қуёш бизга энг яқин юлдуз ҳисобланади.
Қуёшдан ёруғлик тезлиги билан нур 8 дақиқада, яъни аслиятини йўқотмасдан бизгача етиб келади. Юлдузлар қуруқ, буғ кам бўлган ҳудудларни яхши кўради. Юртимизда даштли ҳудудлар кўп. Даштли жойларда сув парлари кам бўлгани учун юлдузларнинг нурлари бизга ўзгармасдан етиб келади.
“Майданак” обсерваториясининг астро иқлими дунёдаги энг яхши астроиқлим. Демак, биз Ўзбекистонда юлдузни кузатамиз десак, ўша юлдуз қўлимизга қўнгандек, яққол кўринади.
Европага бориб денгиз бўйига чиқиб, осмонга қарасангиз бир дона ҳам юлдузни кўрмайсиз. Чунки денгиз кўп жойда сув парлангач, у ерда булутлар пайдо бўлиб, юлдузларни тўсади. Биздаги атмосфера қатлами “Майданак” обсерваториясида юлдуздан келган суратни бузмасликка ҳаракат қилади. Шу сабабли бизда юлдузларнинг энг тиниқ сурати пайдо бўлади. Табиат бизга астрономия билан шуғулланишимиз учун жуда катта имконият яратиб бермоқда. Бу имкониятдан тўлиқ фойдаланиб қолишга ҳаракат қиляпмиз.
—Бугунги кунда астрономия институтидаги олимлар қандай изланишлар олиб боряпти. Янги ихтиролар борми?
—Астрономия институти 1873 йилда ташкил топган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Фанлар академияси тасарруфида. Марказий Осиёда замонавий типдаги энг қадимий илмий текшириш институти саналади. Ташкил бўлганига 150 йилдан ошди. Бугун мана шу катта тарихий тажрибага эга бўлган институтимизда ёш олимлар ишлайди. Мисол учун, Бахтиёр Нарзиллоев 27 ёшида физика-математика фанлари доктори бўлди. Гуруҳимизнинг ўзида 10 та фан доктори мавжуд, уларнинг 9 таси ёшлар. Ёшлар бор жойда ривожланиш кўп бўлади. Биринчидан, уларда иштиёқ жуда юқори, иккинчидан тил ўрганиш, дастурлашларни жуда тез ўзлаштиради.
Биз ўз йўналишимизда асосан юлдузларнинг хусусиятларини башорат қилишга ҳаракат қиламиз.
Суперкомпьютерда ҳар қандай астрофизик жараёнларни моделлаштириш билан шуғулланамиз. Шогирдларимга нисбатан талабчанман. Агарда бугун астрофизикада рақамли тажрибани йўлга қўя олмасанг, яхшиси бошқа касбни ўрган, дейман.
2017 йилда бизда янги юлдуз кузатилди. Янги юлдуз – юлдуз ўлишидан олдин портлайди. Портлаганидан кейин биз уни ўрганамиз. Юлдуз нима учун ўляпти ва у ўлганидан сўнг нима пайдо бўлади, деган саволга жавоб излаймиз.
Бундан ташқари ҳозирги кунда гравитацион тўлқин астрономияси пайдо бўлди. Гравитацион тўлқин астрономиясида янги ҳодиса нейтрон юлдуз тўқнашуви содир бўлди ва биз уни тўлиқ рентгендан радиодиапазонгача ўргандик.
Яна иккита “қора ўра” тўқнашгандаги электромагнит сигналини қайд қилиш билан ҳам шуғулланяпмиз.
Бу амалга ошираётган ишларимизнинг бир қисми. Амалий изланишларимиз кўп. Институт шуғулланаётган йўналишлари хилма-хил ва ҳар битта йўналишда биз ўз сўзимизни айтамиз.
— Бугунги кундаги миллий астрономиянинг ҳолати ҳақида нима дейсиз?
—Президентимиз Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом давлатлари саммитида Қашқадарёдаги “Майданак” обсерваториясида янги тўрт метрлик телескоп ўрнатиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу масалани амалга ошириш ҳозирги кунда долзарб бўлиб турибди.
Агар 4 метрлик телескоп ўрнатилса, фан янада ривожланади. Ҳозирги кунда ўнлаб телескоплар ишлаб турибди. Лекин уларнинг энг каттаси бир ярим метр. Бизга каттароқ телескоплар керак. Катта телескоплар ёрдамида катта кашфиётлар қиламиз. Иккинчи томондан радиоастрономияга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Жиззах вилоятидаги “Суффа” обсерваториясида бу бўйича лойиҳа бошланган.
Агар ўша лойиҳа охирига етказилса, бизларда ҳам радиоастрономия ривожланади.
Ҳозирги кунда гуруҳимизга Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан бир қанча лойиҳалар берилган. Мен бошқараётган битта лойиҳанинг миқдори 4 миллиард 132 миллион сўм. Унинг 40 фоизини ускуналарга ишлатамиз. Суперкомпьютерлар сотиб оляпмиз. Рақамли тажрибаларни биз давлат томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига амалга ошириб боряпмиз.
— Астрономлар самони ердан туриб, космонавтлар эса фазога учиб ўрганишади. Бир пайтлар Владимир Жонибеков, Солижон Шарипов каби ўзбек йигитлари космосга чиққанини эслайлик. Шу маънода, бугунги кунда ўзбек космонавтларини яна космосга учиш имкониятлари қандай?
— Космонавтиканинг асл ватани Ўзбекистон. 2-3 йил аввал америкалик олим Шен Кэррол “Дунёдаги энг буюк ўнта ғоялардан бири Ибн Синоники” деган фикрни айтди. 1957 йилда одамзотдан буюк кашфиёт қилинди. Илк бор сунъий йўлдош ернинг гравитацион йўлдошини тарк этди. Мана шу буюк кашфиётда Ибн Синонинг ҳиссаси бор. Чунки космик кеманинг ишлаш принципи импульс сақланиш қонунига асосланган. Демак, космосга чиқаётган ҳар битта космик кемада Абу Али Ибн Синонинг, космик кемаларнинг ичида ишлаётган ҳар ускунанинг ишлаш принципида Ал Хоразмийнинг ғояси ётипти.
Космонавтикани ривожлантириш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги тузилган. Ҳозирги кунда биз космонавтикани эҳтиёжларимизга қараб ривожлантиришимиз керак. Ўзбек йигитлари орасидан космосга парвоз қиладиган космонавтлар етишиб чиқишига ишонаман.
— Астрономияни ривожлантириш, кучли кадрларни тайёрлаш учун қандай таклифлар берасиз?
— 2017 йилда Президентимиз қарори билан Астрономия институти янгиланди. Астрономия мураккаб фан бўлгани боис институт қошида астрономия мактаб-интернати ташкил этилди.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/hMdLM8bx3_8" title="2 февраля 2024 г." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Соҳани янги кадрлар билан бойитиш учун муҳандислар синфини шакллантириш керак. Бунинг учун эса туман, шаҳар марказларида техника музейларини кўпайтириш ва у ерга ёшларни жалб қилиш зарур. Ёшлар техникани ўз кўзи билан кўрса, ундан қандай фойдаланиш мумкинлигини ўргансагина уларда астрономияга қизиқиш ўйғонади.
Ҳали осмонда ечилмаган сиру синоатлар, жумбоқлар жуда кўп. Уларни ечиш учун эса бизга билимли, изланувчан ёшлар керак.
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА