Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари Абай ижоди мисолида
Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида қозоқ халқининг буюк шоири Абай Қўнанбоев таваллудининг 181 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги Бош консуллиги ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва таниқли ижодкорлар иштирок этди.
Давра суҳбатида Абай Қўнанбоевнинг бой ижодий мероси, унинг туркий халқлар, хусусан, ўзбек ва қозоқ халқлари адабий-маданий алоқаларини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида фикрлар билдирилди.

– Қозоқ халқининг улуғ ижодкори Абай Қўнанбоев ижодини ўрганишга Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилишини яхши биламиз, – деди Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги Бош консули Талгат Шарипов. – Жумладан, Самарқанддаги олий таълим муассасаларида қозоқ адабиёти вакиллари, хусусан, Абай ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлардан хабардормиз. Бу борада тадқиқотчиларга биз ҳам имкон қадар ёрдам берамиз. Бундай илмий-ижодий ҳамкорлик биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давра суҳбати давомида Алишер Навоий ва Абай ижоди, ўзбек-қозоқ адабий ва лисоний алоқалари тарихи, Марказий Осиё халқлари адабиётининг муштарак хусусиятлари ҳақида сўз борди. Айниқса, Алишер Навоий ва Абай ижодий меросининг қиёсий жиҳатлари, икки буюк мутафаккирнинг инсон камолоти, илм-маърифат ва эзгулик ҳақидаги қарашлари юзасидан билдирилган фикрлар иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан тингланди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири