Ўзбек туризм бренди – Ҳонг Конгда
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамда маданий алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, Ҳонг Конг махсус маъмурий ҳудудида ўтказилган “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва Ўзбекистон–Хитой бизнес-форуми бунинг ёрқин исботидир.

Мазкур тадбирда Ўзбекистоннинг иштироки Осиёнинг энг йирик молиявий, бизнес ва логистика марказларидан бири ҳисобланган Ҳонг Конгда мамлакат позициясини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади. Ҳонг Конг Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш учун муҳим халқаро платформа бўлиб, глобал МICЕ ҳамда бизнес туризмининг етакчи марказларидан бири ҳисобланади.

Форумнинг иккинчи кунида Туризм қўмитаси томонидан Ҳонг Конгнинг етакчи туризм компаниялари, туроператорлари ва ДМC вакиллари иштирокида B2B платформа ташкил этилди. Унда “ABC Travel Agency Co., Ltd”, “CC Holiday Ltd”, “Chan Kee Travel”, “Easy Travel”, “Gold Choice Holidays”, “Harmony Tours and Culture”, “Upper Century Holiday International” ва бошқа компаниялар қатнашди.

Ўзбекистон томонидан “Ayvan International Avia Tour LTD”, “Satguru Travel”, “Travel Together”, “Maroqand Travel”, “Afandi Travel” компаниялари ҳамда Қашқадарё вилояти туризм бошқармаси вакиллари иштирок этди. Мулоқот ва музокаралар якунида туризм соҳаси вакиллари ўртасида қарийб 20 та ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ўзбекистон делегациясининг юқори даражадаги иштироки халқаро бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистонга Марказий Осиёнинг янги туризм ва инвестиция маркази сифатидаги қизиқиши ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди. Ҳонг Конгдаги бизнес миссияда Ўзбекистондан 150 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, ташриф дастуридан бизнес доиралар билан учрашувлар, инвестицион тақдимотлар ҳамда мамлакатнинг экспорт ва туризм салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар ўрин олди.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА