Ўзбек тилининг софлигини қандай сақлаб қолиш мумкин? (+видео)
Дунёда бошқа тилдан сўз ўзлаштирмаган тил йўқ. Маълум бир тилнинг луғат таркиби бойиши ижтимоий, иқтисодий, сиёсий умуман ҳаётнинг барча жабҳаларида жуда катта ўзгаришларни юзага келтиради. Фан ва техниканинг жадаллик билан ривожланиши эса ҳар бир тилга янги сўзлар, тушунчаларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Глобаллашув даврида ўзбек тилига ҳам хориждан жуда кўп янги сўзлар кириб келмоқда. Бундай сўзларни халқ турли хил идрок этади. Баъзилар онгли равишда, айримлар эса сўзнинг тарихи, келиб чиқиши, ўзбек тилига ёки бошқа тилга мансубми йўқми уни ўйлаб ўтирмасдан тўғридан-тўғри хорижий ўзлашмани ишлатиб кетаверади. Мана шундай даврда зиёли қатлам, хусусан тилшунослар, ёзувчи ҳамда журналистларнинг муҳим бир вазифаси пайдо бўлади. У ҳам бўлса ўз тилининг софлигини асраш.
Хўш, тилнинг софлигини қандай сақлаб қолиш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Янги сўз ва атамаларнинг ўзбек тилидаги таклиф қилинган муқобилини қўллаш, муқобили йўқ сўз ва атамаларни ўзбек тилининг имло ва талаффуз меъёрларига мослаштириш бўйича таклифлар”нинг тақдимотида тилимиз ривожига оид кўплаб саволларга жавоб берилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов олиб борди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XkgT0lupsZ8" title="Oʻzbek tilining sofligini qanday saqlab qolish mumkin?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>—Тилнинг софлигини сақлаб қолиш учун турли соҳа вакиллари ўзбек тилшунослари билан ҳамкорлик қилишлари шарт, — дейди филология фанлари доктори, профессор Дурдона Худойберганова. — Хориждан кириб келган ҳар қандай сўзни тўғридан-тўғри муомалага киритмаслик керак. Бундай сўзларга танқидий нуқтаи назардан ёндашилиб, унинг ўзбекча муқобили борми, деган саволни ҳар бир одам ўзига бериши зарур. Албатта, тилимизда бундай имкониятлар етарли, чунки ўзбек тили жаҳондаги энг бой тиллардан бири.
Шунингдек, тадбирда филология фанлари доктори, профессор Ёрқинжон Одилов ўзбек тилига чет тилларидан кириб келган ўзлашма сўзларни миллий муқобилларига алмаштириш бўйича тақдимот қилди. Чет тилларидан кириб келган ўзлашма сўзлар асосан фан, техника, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби соҳаларга алоқадор. Ушбу ўзлашма сўзлар бошқа давлатлар билан ўзаро иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар натижасида ўзбек тилига хорижий тиллардан кириб келган сўзлар ҳисобланади.
Масалан, қурилиш соҳасида наждак қоғози (наждачная бумага) сўзига кўп маротаба дуч келамиз. Ушбу ўзлашма сўзга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан қумқоғоз, жилвирқоғоз сўзлари муқобил сўз сифатида тавсия қилинган. Ҳозирги ўзбек адабий тилида қумқоғоз сўзи фаол қўллангани сабабли мос муқобил сифатида танланган.
[gallery-17211]
Ижтимоий шарт-шароитлар сабабли ўзбек тилига рус тилидан “кружка” шаклидаги сўз ўзлашган. Асли юнонча бўлган мазкур ўзлашма “металл, пластмасса ёки чиннидан ясалган тутқичли идиш” маъносини англатади. Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан “кружка” сўзига миллий муқобил сўз сифатида сархум, кружка сўзлари тавсия қилинган. Бироқ “сархум” сўзи маъносида “катта”, “бош” семалари борлиги учун мувофиқ кўрилмади. Унинг ўрнига шеваларимизда мавжуд бўлган “дўлча” сўзини қабул қилиш тавсия этилади.
Муҳокамадан сўнг билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, таклиф этилаётган атамалар қайта ишланади ҳамда Фанлар академиясининг расмий сайти academy.uz га жойланади.
Н.Раҳмонова, Р.Назарматов (сурат, видео), ЎзА