Ўзбек тили ривожида халқаро ҳамкорлик муҳим (+видео)
Она тилимиз тараққий этишида юртимизда яшаб ўтган кўплаб алломалар, олиму фузалоларнинг катта улуши бор. Бироқ, тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмагандек, ўзбек тили ҳам доимий равишда ривожланиб, бойиб бораётир.
Она тилимизга кўплаб янги сўзлар кириб келмоқда. Бу бир томондан техника асри ва халқаро сўзларнинг қўшилиши ҳисобига юз бераётган бўлса, иккинчи томондан юртимиздаги мавжуд шеваларнинг тадқиқ этилиши натижасида ҳам йўқолиб бораётган сўзларни яна қайта тиклашга эришилаяпти.
Ана шу сўзларнинг муомилага киритилишида, ўзбек тилини бойитишга ўз ҳиссасини қўшган тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Самихон Аширбоевнинг ҳам улкан ҳиссаси бор.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида устознинг 80 йиллиги ҳамда соҳада йиғилиб қолган муаммоларнинг ечимига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ташкил қилинди. “Ўзбек фольклори ва шевалари тадқиқотлари: амалиёт, методология, янгича ёндошув” мавзусидаги анжуманга Марказий Осиё давлатлари олимлари ҳам ташриф буюрди.
Тадбир давомида устоз Самихон домланинг бу борада яратилган 30 ортиқ илмий-амалий ишлари, бакалавр йўналишлари учун ишлаб чиқилган 50 ортиқ услубий қўлланмалари тилга олинди. Албатта буларнинг ҳар бирининг таг замирида машаққатли меҳнат, ноёб ақл-заковат, тинимсиз илмий изланишлар ётибди. Шу куни устозни ҳамкасблари, қадрдонлари, шогирдлари табриклади. Албатта бу юксак эътибор олимга яна янги ижод, илмий изланишларга куч-қувват беради.
Анжуманда Халқ таълими вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди, вазирликнинг фахрий ёрлиғи тантанали топширилди ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректорининг самимий табриги онлайн етказилди. Ҳар бир табрикда олимнинг педагогик салоҳияти, илмий изланишлари, дунёдаги туркий тиллар ривожига қўшган ҳиссаси фахр билан тилга олинди.
Илмий анжуман Марказий Осиё халқларининг тили ва шеваларини ўрганиш борасида олимларни бир даврага жамлаган, бу йўналишдаги тадқиқотларни умумлаштирган муҳим тадбир бўлди. Қатор муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича маърузалар тингланди ва илмий хулосалар қилинди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Tsj8rSdhid0" title="O`zbek tili rivojida xalqaro hamkorlik muhim " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА