Ўзбек шоирасининг шеърлари Колумбияда янграйди
Футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон футболчилари дастлаб Колумбия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Орадан икки ҳафта ўтиб эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Хосият Рустамова — Колумбиянинг Меделин шаҳрида ўтадиган 36 - Халқаро адабий фестиваль саҳнасига юртимизнинг шеъриятдаги овози бўлиб Ўзбекистон номини олиб чиқади.


Бир қараганда, бу икки воқеа бир-биридан узоқдек туюлади. Бирида тўп, иккинчисида эса сўз. Бири стадион, иккинчи шеърият минбари. Аммо уларни бирлаштириб турган ягона ҳақиқат бор: ҳар иккисида ҳам Ватанимиз номи дунё саҳнасида янграйди. Футболчи ҳам, шоир ҳам мамлакат байроғи, шон - шуҳрати, миллат руҳи, тарихи ва бугуни, орзу - интилишларини намоён этади.
Албатта, голлар халқни қувонтиргани каби шеърлар ҳам ўз ўрнида унинг қалби ва руҳиятига куч-қудрат, нур бағишлайди. Майдонлар бошқа - бошқа. Аммо мақсад битта - Ватанни муносиб танитиш.
Н.Усмонова, ЎзА