Ўзбек олимининг мақоласи Индонезияда чоп этилди
Индонезиянинг энг нуфузли нашрларидан бири – “Kalimantan Post” газетасининг 2026 йил 7 июлдаги сонида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, фалсафа фанлари доктори Бахтиёр Турсуновнинг “Moralitas, Fondasi Kesempurnaan Manusia di Tengah Arus Globalisasi” (“Ахлоқ – глобаллашув шароитида инсон камолотининг пойдевори”) деб номланган илмий-маърифий мақоласи чоп этилди.
Унда муаллиф глобаллашув жараёнлари кучайиб бораётган бугунги кунда ахлоқ, маънавият ва миллий қадриятларни асраб-авайлашнинг аҳамиятини очиб беради. Инсон камолотининг энг мустаҳкам асоси юксак одоб-ахлоқ ва гўзал хулқ эканини таъкидлаб, жамият барқарорлиги ва тараққиёти айнан маънавий тарбия билан чамбарчас боғлиқлигини илмий далиллар асосида таҳлил қилади.
Шунингдек, мақолада Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда ахлоқ масаласига берилган юксак эътибор мисоллар билан баён этилган. Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Алишер Навоий каби буюк мутафаккирлар меросида инсон тарбияси, маънавий етуклик ва комиллик ғояларининг ўрни ва аҳамияти очиб берилган.
Б.Турсунов оила институтининг тарбиявий аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб, фарзанд маънавиятини шакллантиришда ота-она, таълим муассасалари ва жамиятнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини қайд этади. Ёшларни турли ғоявий таҳдидлардан муҳофаза қилишни, уларда ватанпарварлик, бағрикенглик, ҳалоллик ва масъулият туйғуларини қарор топтиришни бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида эътироф этади.
Мазкур мақоланинг машҳур “Kalimantan Post” газетасида эълон қилиниши Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари томонидан олиб борилаётган илмий ва маърифий тадқиқотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири