Ўзбек ҳунармандлари халқаро кўргазмаларни забт этмоқда
Италиянинг Милан шаҳрида “Milan Design Week 2026” доирасида “Ўрик гуллаганда” кўргазмаси ташкил этилди.
Унда ўтказилган кундалик маҳорат дарслари ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг бой ва қадимий ҳунармандчилик анъаналарини яқиндан кашф этиш имконини берди. Жонли ижодий жараёнлар, амалий тажриба ҳамда бевосита мулоқот ушбу дастурга ўзига хос руҳ бағишлади.

Хусусан, ёғоч ўймакорлигига бағишланган маҳорат дарси кўплаб меҳмонлар эътиборини тортди. Ушбу дарсни тажрибали уста Абдулла Абдураззоқов олиб бориб, миллий ўймакорлик санъатининг нозик жиҳатларини маҳорат билан намойиш этди.

Шунингдек, айни кунларда Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилаётган “Ўзбекистон кунлари” доирасида маданий тадбирлар давом этмоқда. Мазкур тадбирда мамлакатимиз ҳунармандлари, жумладан, Мансур Асадов, Рауф Тоҳиров, Олим Малянов ҳамда Мухтасар Маматвалиевалар ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқда.

Миллий анъаналаримиз ва бой ҳунармандчилик меросимизни намоён этаётган ушбу уста-ҳунармандлар юртимиз маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА