"Ўзархив"нинг 8 ойлик фаолияти таҳлил қилинди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигида ижро интизомини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев томонидан ижро интизомини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг соҳага тегишли фармон ва қарорлари асосида агентликда ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунлар, давлат раҳбари ва Ҳукумат ҳужжатларида белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Топшириқларнинг бажарилиши ҳар куни тизимли равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, ҳар ҳафтада камида икки марта топшириқларнинг ижроси ва мурожаатлар билан ишлаш ҳолати раҳбарият иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 8 ой ҳолатига агентликка қонунлар ҳамда Президентимиз ҳужжатлари билан боғлиқ жами 125 та топшириқ келиб тушган. Уларнинг 82 тасида Агентлик асосий ижрочи, 43 тасида эса қўшимча ижрочи сифатида белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳужжатлари билан боғлиқ жами 15 та топшириқ келиб тушган. Уларнинг 5 тасида Агентлик асосий ижрочи, 10 тасида қўшимча ижрочи сифатида белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан боғлиқ жами 26 та топшириқ келиб тушган бўлиб, уларнинг 23 тасида Агентлик асосий ижрочи, 3 тасида эса қўшимча ижрочи сифатида белгиланган.
Мазкур топшириқларнинг барчаси белгиланган муддатларда сифатли ижро этилди. Уларнинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатлар “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон тизимига киритилиб, назорат қилувчи органлар томонидан келишилди.
Ижро интизомини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида тегишли маълумотлар мунтазам равишда “Ўзархив” агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда.
Энди жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласи юзасидан “Ўзархив” агентлиги томонидан мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, аҳолининг ариза ва шикоятларига сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.
Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизим ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати танқидий ўрганилиб, самарадорликни ошириш бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ҳудудлардан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш, мурожаатлар кўпайишига сабаб бўлаётган масалалар ва тизимли муаммоларни инобатга олган ҳолда Агентликнинг 2026 йил II ярим йиллиги учун сайёр қабул ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди ва ахборот тизимига киритилди.
Жорий йилнинг июнь ойида ушбу режа-жадвал асосида Сурхондарё вилояти архив иши ҳудудий бошқармасида сайёр қабул ўтказилди. Қабулга келган фуқароларнинг аксарияти нафақага чиқиш учун ишлаган давридаги иш стажи ва ойлик иш ҳақини тасдиқловчи архив маълумотномаларини, шунингдек, уй-жойга оид қарорларни олиш масаласида мурожаат қилди. Ушбу мурожаатлар жойида ҳал этилди.
Жорий йилнинг 27 август куни “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Агентлик биносида шахсий қабул ўтказилди. Қабул давомида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар ҳар томонлама ва батафсил кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди. Шунингдек, мурожаатчиларга амалий ёрдам кўрсатилиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА