«Ўзаро оқимлар»: «ARTepa»да ноодатий кўргазма очилади
Сув — ҳаёт манбаи. Аммо инсоннинг ундан фойдаланиши, уни бошқариши ва табиий оқимларни ўзгартириши атроф-муҳитга қандай таъсир кўрсатмоқда? «ARTepa» галереясида очиладиган ноодатий кўргазма ана шу саволларга санъат ва тадқиқот орқали жавоб излайди.
18 сентябрь куни соат 18:30 да Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги «Green University» ҳузуридаги «ARTepa» галереясида «Ўзаро оқимлар» (Interflows) кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Кўргазма «Art Station» ва «DAVRA» тадқиқот жамоаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги кўмагида, «Марказий Осиё санъат ва маданият дастури» (CAACP) ва «Art Station: сўз эркинлиги, бадиий ижод, инклюзив мулоқот ва ҳамжамиятни ривожлантириш чорраҳаси» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Кўргазма уч ой давомида «ўзгариб» боради
«Ўзаро оқимлар»нинг ўзига хос жиҳати шундаки, у тайёр ҳолда тақдим этилиб, шу ерда якунланиб қолмайди. Кўргазма 15 декабрга қадар давом этади ва шу вақт мобайнида ривожланиб, янги асарлар, ғоялар ва тадқиқот натижалари билан бойиб боради.
Унинг асосини «DAVRA» тадқиқот жамоасининг Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш ва уни ўзгартириш жараёнларининг экологик, сиёсий ҳамда ижтимоий ўзгаришлар билан қандай боғлиқлигини ўрганишга бағишланган лойиҳаси ташкил этади.
Экспозицияда жамоанинг, жумладан, 2024 йилда яратилган «Taming Waters and Women in Soviet Central Asia» асари, шунингдек, Саодат Исмоилованинг «Stains of Oxus» (2016) фильми намойиш этилади.
Мазкур фильм томошабинни Тожикистон музликларидан бошланиб, тобора йўқолиб бораётган Орол денгизигача Амударё бўйлаб саёҳатга олиб боради.
Уларга Марказий Осиёнинг ёш рассомлари томонидан тадқиқот ва резиденция дастурлари доирасида яратилган янги асарлар ҳам қўшилади. Жумладан, «ARTepa»да яқинда ўтказилган «EARTH, WATER & AIR» дастури доирасида яратилган ижодий ишлар ҳам намойиш этилади.
Сув — фақат ресурс эмас
«Ўзаро оқимлар» оддий санъат кўргазмасидан кўра кенгроқ мазмунга эга. У сувни фақат инсон эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган ресурс сифатида эмас, балки жамият, табиат, сиёсат ва инсон ҳаётини бир-бирига боғлаб турувчи муҳим омил сифатида кўришга ундайди.
Кўргазма марказида эса бир муҳим савол туради: инсоннинг сув ва ландшафт билан муносабатини табиатдан фойдаланиш, уни назорат қилиш ва бўйсундириш тушунчаларидан ташқари қандай тасаввур қилиш мумкин?
Шунингдек, табиат билан муносабатнинг биз ҳали етарлича англаб етмаган қандай муқобил усуллари мавжуд?
«Ўзаро оқимлар» ана шу саволларни томошабинга тайёр жавоб сифатида эмас, балки мулоҳаза қилиш, кузатиш ва ўз муносабатини қайта кўриб чиқиш учун тақдим этади.
Кўргазма «DAVRA» тадқиқотининг давомий қисми бўлиб, у аввал «Matter of Art Biennale» (2024), «Lahore Biennale» (2024), «TOMORROWS – A Land of Water» (2024), «Socialist Anthropocene workshop» (2025) ва «Water, Air and Earth» (2026) резиденцияси каби кўргазма, воркшоп ва тадқиқот дастурлари орқали ривожланиб келган.
Энди эса ушбу тадқиқот «ARTepa»да давом этиб, турли босқичларда яратилган асарлар, ғоялар ва натижаларни ягона маконда бирлаштиради.
Кўргазма 18 сентябрдан 15 декабрга қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА