Озарбайжонда рекорд даражада ёғингарчилик
Бокуда ойлик ёғингарчиликнинг ўртача кўрсаткичи 440 фоизга етди.
Икки кундан бери тинмаётган кучли ёмғир пойтахт ва яқин атрофидаги ҳудудларда жиддий тирбандлик келтириб чиқарди. Жуда кўп йўллар сув остида қолди. Хинолиғ қишлоғига олиб борадиган йўлда кўчки содир бўлди. Айни пайт бу йўл тўсилган. Ҳудудга тегишли идоралар ходимлари ва техника воситалари юборилган, йўллар тозаланяпти.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сув босган ҳудудларда тегишли хавфсизлик чораларини кўришда давом этмоқда. Бокуда, Абшерон ярим оролида ёғингарчилик миқдори 104 миллиметрга етган.
С.Раҳимов, ЎзА