"Ойдин гурунглар - 2026": санъат, адабиёт ва маърифат ҳамоҳанглиги
Санъат ва адабиёт халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраш ва янги истеъдодларни кашф этишда муҳим ўрин тутади. Ижодкорларни бирлаштириш, авлодлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ҳамда миллий маданиятни дунёга танитишга қаратилган "Ойдин гурунглар - 2026" халқаро ижодий форуми ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Тошкентда бошланган форум 22 октябрь куни Хивадаги "Арда Хива" мажмуасида давом этди. Тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда инсон салоҳиятини ривожлантириш, адабиёт ва санъатни қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, бундай ташаббуслар нафақат ижодий муҳитни бойитиш, балки ёшларнинг маънавий камолотига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.
Форумнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда турли санъат йўналишлари ягона дастур доирасида бирлаштирилган. Хусусан, тасвирий санъат, театр, фортепиано ижрочилиги, адабиёт, ноширлик ва либослар дизайнига бағишланган тадбирлар жамланган. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия театр жамоаларининг спектакллари намойиши, маҳорат дарслари, кўргазмалар, мушоиралар ва концертлар эса иштирокчиларга турли ижодий мактаблар билан танишиш, тажриба алмашиш ва янги ғоялар устида фикр юритиш имконини берди.
Форумнинг адабиёт ва санъат намояндаларини бир даврага жамлаши, ижодкорлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаши ҳам унинг муҳим жиҳатларидан биридир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажиднинг таъкидлашича, "Ойдин гурунглар" миллий адабиёт ва санъатни тарғиб этиш, ижод аҳли ўртасидаги маънавий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

- Бугун "Ойдин гурунглар" деб номланган жуда ажойиб форумда жам бўлиб турибмиз. Бу ерда устозлар суҳбатлари, гўзал мушоиралар, актёрларимиз ва саҳна усталарининг чиқишларидан баҳраманд бўламиз, рассомларимизнинг ижодий ишлари билан танишамиз. Умуман олганда, бу - адабиёт, санъат ва маданият байрами. Бундай учрашувлар ижод аҳлини бир даврага жамлаши, устозлар тажрибасини ўрганиш, адабиёт ва санъатнинг бугунги ривожини муҳокама қилиш ҳамда авлодлар ўртасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлаши билан аҳамиятли, - деди у.
Дарҳақиқат, форум дастуридан ўрин олган адабий суҳбатлар, маҳорат дарслари ва кўргазмалар ана шу мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Тасвирий санъат йўналишида эса ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ва рассомлик асарлари кўргазмалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, ҳунармандчилик машғулотлари, либослар намойиши ҳамда Хоразм ёш рассомлари картиналари асосида яратилган "Дарё" иммерсив кўргазмаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти катта илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Азизбек Имомов форумнинг ижодий муҳитни бойитиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
- Бу форумни катта санъат байрами, десак муболаға бўлмайди. Дастлаб пойтахтимиздаги нодавлат театрлар фестивалини ташкил этиш ғоясидан бошланган ташаббус бугун турли ижодий йўналишларни қамраб олган йирик халқаро форумга айланди. Унинг асосий мақсади ижодкорларни бирлаштириш, улар ўртасида тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларга йўл очишдир.

Форум доирасида Эркин Аъзам, Усмон Азим, Баҳодир Жалолов, Файзулла Аҳмадалиев каби таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, адабий суҳбатлар ва маҳорат дарслари ўтказилиши ёш ижодкорлар учун катта тажриба мактаби бўлиб, уларга устозлар билан мулоқот қилиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини беради.
Форумнинг яна бир муҳим жиҳати эса хорижий ижодкорларнинг иштироки. Бу тадбирнинг халқаро мақомини мустаҳкамлаш билан бирга, турли мамлакатлар вакиллари ўртасида маданий мулоқотни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Бундай ташаббуслар миллий санъатимизни халқаро миқёсда намоён этиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва янги ижодий ғояларни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади, - деди А.Имомов.
Форумда ижодий йўналишлар билан бир қаторда, китобхонликни оммалаштириш ва аҳолининг маърифий салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Шу мақсадда амалга оширилаётган ташаббуслардан бири "Маҳалла кутубхонаси" лойиҳасидир. У маҳаллаларда китоб мутолааси учун қулай шароит яратиш, аҳолининг адабиётга қизиқишини ошириш ва китобхонлик муҳитини кенгайтиришни кўзда тутади.
Марказий банк ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур лойиҳа 2023 йилда Бухоро вилояти Олот туманидаги Мухтор маҳалласида илк кутубхона очилиши билан бошланган. Халқ банки ҳомийлигида йўлга қўйилган ташаббус кейинчалик бошқа тижорат банклари кўмагида Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳам кенгайди. Бугунги кунда лойиҳа доирасида 140 та маҳалла кутубхонаси фаолият юритмоқда. Ҳар бир кутубхонада ўртача мингдан ортиқ китоб мавжуд. Айни вақтда китоб фондларини инвентаризация қилиш ва рақамлаштириш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Китобхонликни рағбатлантириш билан бирга, аҳолининг иқтисодий билимларини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳам илгари сурилмоқда. Шулардан бири "Молиявий билимлар" тўплами бўлиб, у хорижий иқтисодий адабиётларни ўзбек тилида ўқиш имкониятини кенгайтириш мақсадида тайёрланган. "Банк ва маърифат" форумида илгари сурилган хорижий 10 та асарни таржима қилиш ва нашр этиш ташаббуси асосида яратилган тўпламдан Адам Смитнинг "Халқларнинг бойлиги" ва Милтон Фридманнинг "Капитализм ва эркинлик" асарлари ҳам ўрин олган.
Форум доирасидаги тадбирлар нафақат ижодий мулоқот ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, балки маърифатни кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилади. Иштирокчилар учун Хива тарихи ва маданий мероси билан танишиш имконияти яратилгани эса тадбирнинг мазмунини янада бойитди. Хусусан, "Ичан қалъа" бўйлаб уюштирилган экскурсия давомида хорижий меҳмонлар қадимий меъморий ёдгорликлар, Хоразм тарихи ва бой маданий анъаналари ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлди.
Умуман олганда, "Ойдин гурунглар" халқаро ижодий форуми адабиёт, санъат ва маърифатни бирлаштирган, ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва миллий маданиятимизни халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилаётган муҳим майдон сифатида намоён бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Ойдин гурунглар - 2026" халқаро ижодий форуми 25 октябрь куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева,
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА