Ўтмиш садоси, устоз хотираси ва телевидение тарихи
Бугун Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида "Архив ҳужжатларида телевидение тарихи” номли фотокўргазма ҳамда ўзбек телевидениеси тарихидаги илк эркак диктор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали диктор Ўктам Жобиров ҳаёти ва ижодига бағишланган "Отамдан улуғим” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон миллий архивлари раҳбарлари ва ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида ташкил этилган “Архив ҳужжатларида телевидение тарихи” фотокўргазмасидан Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган 1930–2012-йилларга оид ноёб фотосуратлар ўрин олди. Уларда мамлакатимиз телевидениеси ва радиосининг шаклланиш тарихи, илк сухандонлар, режиссёр ва операторлар, шунингдек, халқимиз меҳрини қозонган таниқли бошловчи ва ижодкорларнинг фаолияти акс этган. Кўргазмада намойиш этилган 100 га яқин фотоҳужжатлар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали диктор Ўктам Жобировнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган " суратлар алоҳида ўрин эгаллади. Ушбу тарихий фотосуратлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва телевидение сухандони Муслимбек Йўлдошевнинг “Отамдан улуғим” номли муаллифлик китобидан ҳам ўрин олган. Тақдимот давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Галина Мелникова, Насиба Исмоилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўктам Жобировнинг ҳаёти, ижодий йўли, инсоний фазилатлари ва ўзбек телевидениеси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида илиқ хотиралар билан ўртоқлашдилар.
Таъкидланганидек, Ўктам Жобиров нафақат ўз касбининг устаси, балки камтарлиги, меҳнатсеварлиги, масъулиятлилиги ва шогирдларига бўлган меҳри билан ҳам кўпчиликнинг ҳурматини қозонган инсон эди. Унинг бой ижодий мероси ва ҳаёт йўли бугунги ёш авлод учун ибрат мактабидир. Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ўз сўзида сухандонлик касбининг масъулияти ҳақида алоҳида тўхталиб, бу борадаги қарашларини қуйидагича ифода этди: “Биз баъзан сухандонлар биров ёзиб берган матнни ўқиб беради, кўрсатув олиб борса, меҳмонларга савол беради, шу билан вазифасини бажаради, деб ўйлаймиз. Аслида эса бу касб жуда катта тайёргарлик ва билим талаб қилади. Сухандон кўрсатувда сўз борадиган инсон ёки воқеа ҳақида барча маълумотларни чуқур ўрганиши, уларни тўплаши ва пухта тайёргарлик кўриши керак. Унинг тайёргарлиги ўқитувчининг дарсга тайёргарлигидан кам эмас. Сухандон ўз соҳасини мукаммал билиши, ҳар бир маълумотдан хабардор бўлиши лозим”. Шунингдек, сўзга чиққанлар Муслимбек Йўлдошевнинг “Отамдан улуғим” китобини Ўктам Жобировнинг ҳаёти ва ижодини, унинг устозлик фаолияти ҳамда инсоний қиёфасини ёритувчи муҳим маънавий-маърифий манба сифатида эътироф этдилар.
[gallery-32359]
Мазкур китоб тақдимоти ва архив фотокўргазмаси нафақат телевидение тарихини ўрганиш, балки миллий тележурналистикамиз ривожига муносиб ҳисса қўшган устозларнинг хизматларини қадрлаш, уларнинг бой ижодий меросини келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим тадбир бўлди. Зеро, архивларда сақланаётган ҳар бир тарихий ҳужжат, ҳар бир сурат — бу ўтмишдан дарак берувчи бебаҳо хотира, китоблар эса ана шу хотираларни келажак авлодга етказувчи маънавий кўприкдир.
Мунира Рамазонова,Фарҳод Абдурасулов. ЎзА