Ўтган 10 ойда сув хўжалигида 10,6 миллиард куб метр сув тежалди (+видео)
Сув хўжалиги вазирлигида "Сув - ҳаёт манбаи: янги технологиялар орқали ресурсларни самарали бошқариш" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда соҳа мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сув хўжалигини модернизация қилиш, сувни тежаш, соҳани рақамлаштириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаштириш, рақамлаштириш ва агротехник тадбирлар ҳисобидан 10 миллиард 690 миллион куб метр сув тежалди.
Жумладан, сув тежовчи технологиялар ва ерларни лазерли текислаш ҳисобига 4 миллиард 935 миллион куб метр, ирригация тармоқларини таъмирлаш, тиклаш ва бетонлаштириш орқали 3 миллиард 141 миллион куб метр, рақамли технологияларни жорий этиш натижасида 671 миллион куб метр, илғор агротехник тадбирлар ва кам сув талаб қиладиган экинлар ҳисобига эса 1 миллиард 944 миллион куб метр сув тежалди.
Шавкат Ҳамроевнинг сўзларига кўра, каналларда сув йўқотилишини камайтиришнинг энг самарали чораларидан бири уларни бетонлаштиришдир.

– Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга хизмат қиладиган ирригация тармоқларининг умумий узунлиги 173 минг километрни ташкил этади. Тупроқ ўзанли каналларда сувнинг бир қисми ерга шимилиб кетиши унинг йўқотилишига, истеъмолчиларга етказиб беришда ортиқча вақт ва харажат сарфланишига сабаб бўлади.
Шунинг учун сўнгги йилларда каналларни бетонлаштириш ишлари жадаллаштирилди. 2026 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 минг километр канал бетонлаштирилди. Натижада вазирлик тизимидаги бетон қопламали магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг умумий узунлиги 12,7 минг километрга етказилди. Йил якунига қадар яна 200 километр канални бетонлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 20 минг километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди ва капитал таъмирланди. Бу ишлар натижасида каналларнинг тегишли участкаларида сув йўқотилишини 35 фоизгача камайтириш, экин майдонларига сув етказиб бериш вақтини эса 2-3 баробар қисқартириш имкони яратилмоқда.
Яна бир устувор йўналиш эса сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш. 2017 йилда мамлакатимизда бундай технологиялар атиги 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, бугунги кунда уларнинг қамрови 2,8 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг 65 фоизига етди. 2026 йилнинг ўтган даврида 654,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, ерларни лазерли текислаш, эгилувчан қувурлар орқали сув бериш каби усуллар сув сарфини камайтириш билан бирга, ҳосилдорликни ошириш ва фермерларнинг ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга хизмат қилмоқда, – деди вазир.

Тадбирда соҳада сув ресурсларини ҳисобга олиш, тақсимлаш ва назорат қилиш жараёнларини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, соҳада рақамли назорат тизимларини жорий этиш доирасида 13 минг 310 та сув хўжалиги объектига "Ақлли сув", 12 минг 859 та мелиоратив кузатув қудуғига "Дайвер" ускуналари ўрнатилди. 1 минг 935 та насос станциясида сув сарфини онлайн кузатиш йўлга қўйилиб, 106 та йирик объект автоматлаштирилди.
Шунингдек, "Сув ҳисоби" ахборот тизими орқали 97,5 мингта сувдан фойдаланувчи билан электрон шартномалар расмийлаштирилиб, 817 мингта далолатнома шакллантирилди. Вазирликнинг Вазиятлар маркази эса сув ва энергия ресурслари ҳамда ирригация объектлари фаолиятини мониторинг қилиш имконини бермоқда.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида кузги-қишки тадбирлар давомида 4 минг 300 километр канал тозаланиб, 3 минг 30 та гидротехника иншооти ва 3 минг 220 та гидропост таъмирланди.
Матбуот анжумани якунида йил якунига қадар сув тежаш ҳажмини 11 миллиард куб метрга етказиш, янги технологиялар қамровини кенгайтириш, каналларни бетонлаштириш ва сув ҳисобини янада такомиллаштириш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Дониёр Ёқубов (видео),
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),
ЎзА