ОТБ президенти: Осиё ва Тинч океани минтақаси умумий барқарорликни биргаликда шакллантиради
Айни пайт Самарқандда давом этаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилиши очилиш маросимида ушбу нуфузли халқаро молиявий тузилма раҳбари Масато Канда ҳам нутқ сўзлади.
Банк президенти дастлаб ушбу йирик анжуман юксак даражада ташкил этилгани учун Ўзбекистонга ва ҳамкор ташкилотларга миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг Осиё ва Тинч океани минтақасини “жипсликда ҳаракатланиб, бирга ривожланиш”га чақирди. Бунинг учун сарҳадлар оша алоқаларни мустаҳкамлаш орқали барқарорлик ва инклюзив ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
– Ушбу янги чорраҳада қабул қиладиган қарорларимиз келгуси авлод келажагини белгилайди, – деди Канда. – Бугунги таҳликали дунёда анъанавий, яъни ўзича ривожланиш ёндашуви самара бермайди. Энди яшаш ва тараққий этиш учун теран боғланган, барқарор тизим барпо этишимиз лозим.
Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш” мавзусидаги ОТБ Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишида сиёсатчилар, хусусий сектор вакиллари, ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этмоқда.

Замонавий зиддиятлар энергия бозори, таъминот занжири ва рақамли тармоқ орқали жуда тез тарқалади ва энг заиф нуқталарга кучли таъсир қилади. Бундай муаммоларни ҳал қилиш учун чегаралар аро мувофиқлаштирилган минтақавий ечимлар зарур.
Айни мақсаддан келиб чиқиб, ОТБ муайян чақириқларга жавоб берадиган сармоя доирасини кенгайтириб, инфратузилма, бозор ҳамда институтлар интеграциясига асосланган ислоҳотни жадаллаштирмоқда. Ўтган йил муассаса минтақага 29,3 миллиард доллар ажратди.
Банкимиз Осиё ва Тинч океанида умумий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун 70 миллиард долларлик дастурни ишга туширди. Мазкур лойиҳа икки йирик лойиҳани назарда тутади: қайта тикланувчи энергияни чегаралар оша уйғунлаштириш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва чиқиндини камайтириш мақсадида 50 миллиард долларлик Пан-Осиё электр тармоғини яратиш ва рақамли тенгсизликни камайтиришга қаратилган 20 миллиард доллар сарфлаб рақамли алоқа тизимини ривожлантириш ташаббуси.
Банк Яқин Шарқ можароси шароитида аъзо давлатларнинг инқирозга қарши курашишини рағбатлантириш бўйича ҳам тезкор чоралар кўрилмоқда.

Тахминимизча, Осиё ва Тинч океани минтақаси ривожланаётган мамлакатларининг иқтисодий ўсиши жорий йил 5,4 фоиздан 4,7 фоизга тушади, инфляция 3,0 фоиздан 5,2 фоизга кўтарилади. Агар низо янада авж олса ва нефть нархи ошаверса, ўсиш 4,2 фоизгача сустлашиши, инфляция эса 7,4 фоизга чиқиши мумкин.
Шу жиҳатдан ОТБни геосиёсий парчаланиш, иқтисодий беқарорлик ва экологик муаммолар асносида минтақани қўллаб-қувватловчи “барқарорлик таянчи” деб атаган бўлардим.
Табиийки, жамоамиз олдида ҳали улкан вазифалар турибди. Энг муҳими –мақсадимиз аниқ, стратегия бор ва ресурс етарли. Режани амалга ошириш учун умумий ирода ҳам бор. Хуллас, Осиё тараққиёт банки хусусий сектор инвестициясини жалб қилиш ва атроф-муҳит таназзулини бартараф этиш каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун мавжуд имкониятдан унумли фойдаланишни давом эттиради.
1966 йилда ташкил этилган, Осиё ва Тинч океанида барқарор, инклюзив ва чидамли ривожланишни қўллаб-қувватлаб келаётган етакчи кўп томонлама тараққиёт банки бўлмиш ОТБга айни пайт 69 давлат аъзо.
Беҳруз Худойбердиев,
Мусулмон Зиё,
ЎзА мухбирлари