Ота-оналар нега фарзандига эътибор беролмаяпти? (+видео)
2025 йилда фарзандларини тарбиялаш ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармагани учун 200 мингдан ортиқ ота-она маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 20 фоизга кўп. Уларнинг қарийб 75 минг нафари эса фарзандлари билан боғлиқ муносабатларда салбий хулқ-атвор намоён қилгани учун жавобгарликка тортилган.
ИИВ ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бўлим бошлиғи Ўғилой Бозорованинг таъкидлашича, вояга етмаганлар ўртасидаги, хусусан, мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олишда оиладаги назорат ва эътибор муҳим омиллардан биридир.

Боланинг салбий гуруҳларга эргашиши, таълимга етарлича қатнашмаслиги ва бўш вақтининг назоратсиз қолиши эса ҳуқуқбузарлик хавфини оширувчи омиллар сифатида қайд этилмоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова эса келтирилган ушбу рақамлар билан боғлиқ муаммонинг кўламига эътибор қаратди. Унга кўра, статистикадаги ҳар бир рақам ортида эътиборга олиш керак бўлган бир неча масалалар бор...

Сурайё Раҳмонова шунингдек, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш борасида айни пайтда қандай ишлар амалга оширилаётгани юзасидан тўхталди.
Батафсил қуйидаги видеоҳаволада.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА