Ўт ўчирувчилар Наманганда беллашди
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуаси ёнғин-қутқарув амалий спорти бўйича мамлакат очиқ чемпионатига мезбонлик қилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада вазирлик ҳудудий ва таркибий тузилмаларидан 18 та жамоа билан бир қаторда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қутқарув қисмлари ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи кўнгилли қутқарув қисми, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти “Максам-Чирчиқ” ҳарбийлаштирилган газдан қутқарув отряди, “Ўзбекистон аэропортс” акциядорлик жамияти парвозларнинг қидирув ва авария-қутқарув таъминоти хизмати, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми вакиллари қатнашди.


Мусобақанинг танатанали очилишида Наманган вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Шавкат Абдураззоқов фавқулодда вазиятлар тизимини ривожлантириш, қутқарувчиларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини юксалтиришда бу каби мусобақаларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.

Мусобақада иштирокчилар даставвал, ёнғин ўчириш эстафетаси ва ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг тўртинчи қаватига кўтарилишда беллашдилар. Қизғин баҳслар давомида иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, маҳорати ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлигини кўрсатди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси жамоаси ҳам йигитлар, ҳам қизлар ўртасидаги баҳсларда энг юқори натижаларни қайд этиб, ғолибликни қўлга киритди.


Очиқ чемпионатнинг ғолиб-совриндорлари жамоаларига пул мукофотлари, диплом, медаллар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.