Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг медаллари 29 тага етди
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган XX ёзги Осиё ўйинларининг байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича баҳсларда вакилларимиз учта кумуш медалга сазовор бўлди.
Хусусан, байдаркада 500 метр масофага эшкак эшиш бўйича тўртлик дастурида Екатерина Шубина, Арина Танатмишева, Милана Дюшев-Янич ва Шаҳризода Мавлоновадан иборат квартетимиз маррага иккинчи бўлиб етиб келди.
Каноэда эшкак эшиш бўйича C2 дастурида 500 метр масофага кечган баҳсда Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, яккалик баҳсларида Владлен Денисов 500 метр масофани иккинчи бўлиб босиб ўтди.
Шу тариқа, спортчиларимиз 25 сентябрь кунги баҳсларни учта кумуш медаль билан бошлади. Дарвоқе, ушбу натижалардан сўнг делегациямиз медаллари 6 та олтин, 15 та кумуш ва 8 та бронзани ташкил этиб, жами 29 тага етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА