Осиё ўйинлари: Ўзбекистон делегацияси 31 медаль билан кучли бешликда
Японияда давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг 25 сентябрь куни бўлиб ўтган беллашувлари якунига етди. Унда спортчиларимиз бешта медални қўлга киритди.
Қувонарлиси, енгил атлетиканинг босқон улоқтириш баҳсларида енгил атлетикачимиз Сухроб Хўжаев 74,38 метр натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича баҳсларда вакилларимиз учта кумуш медалга эга чиқди. Хусусан, байдаркада 500 метр масофага эшкак эшиш бўйича тўртлик дастурида Екатерина Шубина, Арина Танатмишева, Милана Дюшев-Янич ва Шаҳризода Мавлоновадан иборат квартетимиз маррага иккинчи бўлиб етиб келди.
Каноэда эшкак эшиш бўйича C2 дастурида 500 метр масофага кечган баҳсда Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, яккалик баҳсларида Владлен Денисов 500 метр масофани иккинчи бўлиб босиб ўтди.




Мусобақанинг спорт гимнастикаси бўйича баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Расулжон Абдураҳимов қўшпоя дастуридаги финал баҳсида 14,433 балл жамғариб, учинчи ўринни эгаллади. Афсуски, спорт гимнастикаси бўйича аёллар ўртасидаги эркин машқ дастурида Дилдора Арипова 13,200 балл натижа қайд этиб, 4-ўринни эгаллади.


Дарвоқе, футбол бўйича эркаклар ўртасидаги баҳсларида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U23 терма жамоаси Нагоя шаҳридаги «Mizuho» стадионида чорак финал босқичида Саудия Арабистони U23 терма жамоасига қарши майдонга тушди. Ўйинда Дилшод Муртазоев, Азизбек Тўлқинбеков ва Фирдавс Абдураҳмонов каби футболчиларимиз томонидан киритлган голлар эвазига 3:0 ҳисобида жамоамиз ғалаба қозонди.
Энди футболчиларимиз 30 сентябрь куни ярим финалда Япония — КХДР жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади.
Шу тариқа, делегациямиз 7 та олтин, 15 та кумуш ва 9 та бронзани ташкил этиб, жами 31 тага етди ван умумий жадвалнинг 5-поғонасидан жой олди.

Медаллар жамғаришда Хитой 98 та олтин, 37 та кумуш ва 24 та бронза медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Япония 28 та олтин, 43 та кумуш ва 44 та бронза медаль билан иккинчи, Жанубий Корея 13 та олтин, 17 кумуш ва 34 та бронза медаль билан учинчи ўриндан жой олган.
Кучли ўнликдан Қозоғистон 8 та олтин, 8 та кумуш, 14 та бронза, Ўзбекистон 7 та олтин, 15 та кумуш ва 9 та бронза, Таиланд 7 олтин, 6 кумуш, 8 бронза, Эрон 6 олтин, 11 кумуш, 7 бронза, Гонконг 4 та олтин, 11 та кумуш, 11 та бронза, КХДР 4 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза, Баҳрайн 4 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медаль билан қайд этилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат) Япония,
ЎзА