Осиё ўйинлари: бокс мусобақаларининг дастури эълон қилинди
Японияда ўтказиладиган "Аичи-Нагоя-2026" ёзги Осиё ўйинлари бошланишига 37 кун қолганда бокс бўйича ҳар бир вазн тоифасидаги мусобақалар жадвали тасдиқланди.
ХХ ёзги Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси томонидан эълон қилинган тақвимга кўра, бокс мусобақалари 21 сентябрь-2 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Тасдиқланган дастурга мувофиқ, саралаш мусобақалари 21 сентябрь куни бошланади. Ярим финал баҳслари 29-30 сентябрь, финал жанглари эса 2 октябрь куни ўтказилади.

Жадвалда ҳар бир эркаклар ва аёллар вазн тоифасидаги жанг саналари кўрсатилган бўлиб, бу жамоаларга Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш имконини тақдим этади.
Эркаклар турнирида -55, -60, -70, -80, -90 ва +90 килограмм вазн тоифаларида, аёллар ўртасида эса -51, -54, -60, -65 ва -75 килограммгача бўлган вазнларда ХХ ёзги Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари аниқланади.
Тўрт йил муқаддам Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган қитъа ўйинлари билан таққослаганда, эркаклар ва аёллар вазнларида биттадан оғирлик тоифаси олиб ташланган.
Т.Рўзиев, ЎзА