Оролбўйида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди
Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида Халқлар дўстлиги куни байрами кенг нишонланди.
Жумладан, Тахтакўпир тумани “Қоратеран” сайёҳлик марказида “Дўстлик фестивали” тадбири ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Халқлар дўстлиги куни билан табриклади.

Таъкидлаш жоизки, ҳар йили юртимизда Халқлар дўстлиги куни байрами муносабати билан “Дўстлик фестивали” кўтаринки руҳда ўтказиб келинмоқда. Кенг нишонланаётган байрам тадбирлари, чекка овул ва маҳаллалардан бошлаб барча шаҳар ва туманларда халқ сайиллари, ҳудудда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар вакиллари иштирокида миллий таомлар, рассом ва ҳунармандларнинг кўргазмалари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда юртимизда яшаётган турли миллат вакиллари бир мақсадда бирлашиб, она-Ватанимизни янада ривожлантириш йўлида меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида юртимизда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли модели яратилди. Бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Бугунги кунда миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами тобора кенгайиб, мазмун-моҳиятан янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси соҳадаги ишларни самарали ташкил этиш ва изчил давом эттиришнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Албатта, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар энг асосий бойлигимиз бўлган юртимиз тинчлигини сақлашда, халқлар дўстлигини, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этмоқда.
Байрам тадбири турли миллат вакилларининг куй, қўшиқ ва рақсларидан ташкил топган гала-концерт дастури билан давом этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА