Оққўрғонда тарих яшайди
Музейлар – миллатнинг тарихий хотираси, маънавий мероси ва маданий ўзлигини сақлаб қолувчи муҳим ижтимоий институтлардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳудудлардаги музейлар маҳаллий аҳолининг бой тарихи, урф-одатлари, санъати ва ҳаёт тарзини ёритишда беқиёс аҳамиятга эга. Улар нафақат маданий меросни асраш, балки уни келгуси авлодларга етказиш, ёшларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Оққўрғон тумани Тарих ва ўлкашунослик музейи ўзининг бой экспозициялари, узоқ йиллик фаолияти ва илмий-маърифий йўналишдаги ишлари билан алоҳида ўринга эга. Мазкур музей 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг илк фаолияти 1967 йилдан бошланган. Дастлаб кичик экспозиция сифатида иш бошлаган муассаса 2022 йили қайта таъмирланиб, замонавий талабларга жавоб берадиган, кенг қамровли маданий марказга айланди. Ҳозирги кунда музей фондида 10 минг 800 дан ортиқ ноёб экспонатлар сақланади. Ушбу экспонатлар орқали ҳудуднинг қадимий тарихи, маданий мероси ва турмуш тарзи кенг ёритиб берилмоқда.

Музей бир нечта асосий бўлимлардан иборат. Археология бўлимида қадимги даврларга оид топилмалар, тарихий ёдгорликлар ва ноёб ашёлар намойиш этилади. Этнография бўлимида эса халқимизнинг миллий урф-одатлари, анъаналари ҳамда амалий санъат намуналари акс этган. Айниқса, Оққўрғон тумани ҳудудида жойлашган Қанқа ва Шоҳрухия ёдгорликларига оид материаллар музейнинг энг муҳим экспозицияларидан ҳисобланади. Масалан, Қанқа ёдгорлигидан топилган кўзада тахминан 200 килограммдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулоти сақлангани ҳақидаги маълумотлар тарихий жиҳатдан катта қизиқиш уйғотади.

Шунингдек, музейда туман ташкил этилиши билан боғлиқ 1935 йилдан бошланган ҳужжатлар, фотоальбомлар, чақириқ қоғозлари ва Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ноёб материаллар ҳам сақланади. Уруш даврига оид бўлимда фронтдан юборилган суратлар, “қора хат”лар ва чақирув қоғозлари, шунингдек, уруш ўчоғида чизилган “Озодлик” номли мой бўёқ асар каби тарихий экспонатлар жой олган. Муҳими, ҳар бир экспонат ўзида мазкур ҳудуднинг тарихини кўрсатиб, томоша қилиш учун келаётганлар ва ёшларга ўзгача таассурот бағишламоқда.

Тарихий маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 3 минг 600 нафардан ортиқ оққўрғонликлардан фақат 640 нафари қайтиб келгани ҳам музей экспозицияларида ўз аксини топган.

– Музей нафақат экспонатларни сақлаш, балки уларни кенг жамоатчиликка етказиш, илмий-маърифий фаолиятни ривожлантириш вазифасини ҳам бажармоқда, – дейди Оққўрғон тумани Тарих ва ўлкашунослик музейи директори Алишер Қурбонов. – Турли кўргазмалар, учрашувлар ва маърифий тадбирлар орқали аҳолининг тарихга бўлган қизиқиши янада оширилмоқда. 18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан музейга нафақат Оққўрғон тумани, балки Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларидан ҳам мактаб ўқувчилари ташриф буюради. Ўтган йили музейни ўртача 10 минг 500 нафардан ортиқ киши зиёрат қилган, уларнинг 123 нафари хорижлик сайёҳлардир. Эътиборлиси, бу йилда ташриф буюрувчилар сони ўтган йилга нисбатан икки баробарга ошгани қувонарлидир.

Мутахассислар айтишича, охирги йиллар мазкур музей фаолиятида “Менинг ҳиссам – миллий меросга” лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга бўляпти. Ушбу ташаббус орқали туман аҳолиси томонидан турли ноёб тарихий буюмлар, ашёлар музейга топширилмоқда. Масалан, Шоҳрухия ёдгорлигидан топилган кумуш билагузук ва сандиқдан чиққан қилич каби экспонатлар шулар жумласидандир. Муҳими, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан музейлар фаолиятини ривожлантириш учун 50 миллион сўм маблағ ажратилиши ҳам соҳадаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Ўз навбатида Тарих ва ўлкашунослик музейи томонидан ёш авлодни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабларда тарғибот ишлари олиб борилиб, ўқувчиларда тарихий меросга қизиқиш уйғотилмоқда. Шунингдек, тасвирий санъат йўналишида мактаблар ўртасида танловлар ўтказилиб, ғолиблар тақдирланмоқда ва уларнинг асарлари музей фондига қабул қилинади.

Бу музей фаолиятини янада такомиллаштириш ва келувчилар сонини ошириш мақсадида янги лойиҳаларни амалга ошириш лозим бўлмоқда. Хусусан, экспозиция залларини замонавий электрон мониторлар ва интерактив қурилмалар билан жиҳозлаш, экспонатлар ҳақида аудиогид хизматини жорий этиш ташаббуслари илгари суриляпти. Шу билан бирга, Қанқа ва Шоҳрухия тарихига бағишланган алоҳида махсус зал ташкил этиш, мактаб ўқувчилари ишлари учун алоҳида ижодий бурчак яратиш, музей ҳудудини ободонлаштириб, дам олиш масканларини ташкил этиш борасида ҳам таклифлар бор.

Айниқса, ички туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган сайёҳлик маршрутларини ишлаб чиқиш ва музейга ташриф буюрувчи мактаб ўқувчилари ҳамда нуронийлар учун автотранспорт билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эгадир. Сабаби кўп ҳолларда маҳаллий сайёҳлар ва ўқувчилар бу манзилга қатнашга қийналади. Шунингдек, музей ичида кичик кинозал ташкил этиш орқали тарихий фильмлар намойишини йўлга қўйиш мумкин.
Умуман олганда, амалга оширилаётган ишлар ва илгари сурилаётган ташаббуслар ҳудудларда келажак авлодни ватан тарихига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА