Ўқитувчилар малака тест синовидан ўтмоқда
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг билим ва малакасини юксалтириш, билимларини баҳолаш, шу орқали уларни моддий қўллаб-қувватлаш, даромадларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу кунларда барча ҳудудлар қатори Андижон вилояти Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида ҳам умумтаълим мактаблари ўқитувчилари малака тест синовларида иштирок этмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, навбатдаги малака тест синовлари жорий йил 9 апрелдан 6 майга қадар ўтказилиши белгиланган, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Педагогларнинг билим ва малакасини баҳолаш шўъбаси бош методисти Ғуломжон Нуриддинов. – Малака тест синовлари барча умумтаълим фанлари бўйича ўтказилади. Синовларнинг юқори савияда ўтказилиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ҳозирга қадар тест синовларидан вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 5 минг нафардан ортиқ ўқитувчиси ўз билимларини синовдан ўтказди.

– Малака тест синови ўқитувчини ўз устида тинимсиз ишлашга, билимларини мунтазам бойитиб боришга ундовчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Жумладан, мен ҳам очиқ-ошкора, шаффоф тарзда ташкил этилган тест синови орқали билимларимни яна бир бор синовдан ўтказдим, – дейди Шаҳрихон туманидаги 64-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бошланғич таълим фани ўқитувчиси Фотимахон Муҳаммаджонова.

Белгиланган фанлар бўйича жорий йил 6 майга қадар давом этадиган синовларда Андижон вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 12 минг 600 нафар ўқитувчиси иштирок этиши кўзда тутилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.