Онамга ўхшайсан, олтин куз...
Куз фасли шоир талқинида
Менинг кузга меҳрим бўлакча. Сабабини ўзим яхши билмайман. Лекин кузнинг сокинлиги, ёздан кейин кутилган салқин ҳавоси, анҳор, сойларнинг осмондай тип-тиниқлиги, ўқувчи, талабаларнинг кўча-кўйларни тўлдириб юришлари, кечаларнинг фусункорлиги, дарахтларнинг олтин рангига киришлари дилимга хуш ёқади.
Кузнинг келганига дарахтлар гувоҳ,
Олтиндай сарғайиб борар барглари.
Пахтазор гувоҳдир – очилар оппоқ,
Гувоҳдир қуёш ҳам – тоза нурлари.
Гувоҳликка ўтар: тўкин боғлар ҳам,
Ҳосилдан қаддини тутолмай долдир.
Гувоҳликка ўтар: сокин тоғлар ҳам,
Гўё ҳилпирашдан тўхтаган ёлдир.
Гувоҳликка ўтар: тиниққан анҳор,
Тубида биллурдай ярқирар тошлар.
Гувоҳликка ўтар, ғарқ пишган анор,
Дилларни ажиб бир ҳисларга бошлар.
Гувоҳликка ўтар, юртим кўкида
Олисга йўл олган турна карвони.
Гувоҳликка ўтар: шоир кўнглида
Азоб бераётган йиллар армони.

Агар кузда дарахтларга эътибор берсангиз, уларнинг барглари бирданига эмас, аста-секинлик билан тушаётганига гувоҳ бўласиз. Ахир, барглар қарийб бир вақтда пайдо бўлишади, бир вақтда ўсиб-унишади. Аммо бу сирли ҳолат нега юз беради? Бунинг сабабини бирор жойда ўқимадим ёки бировдан эшитмадим ҳам. Балки Яратган ён-атрофнинг бирдан хунуклашиб қолишини истамасдир. Нима бўлганда ҳам баргларнинг тўкилиши кишини ўйга толдиради, бу дунёдан ўтган яхши инсонларни беихтиёр ёдга солади.
Оғир юкдан халос бўлган йўловчи –
Дарахтлар турарлар баргсиз сўппайиб.
Уларнинг кўнглида далда – қўлловчи –
“Яна баҳор келар сепини ёйиб!”
Япроқлар инграйди оёқ остида:
“Умр ўткинчидир – қисқа нақадар.
Дунёга қанчалик маҳкам осилма,
Уни тарк этасан бир кун, биродар!”
Бандидан узилган япроққа қараб,
Ўйга чўмдим ўтган яхшилар ҳақда.
Худди шу япроқдай улар ҳам, ёраб,
Бенасиб бўлганлар яшаш бахтидан.
Лекин улар умри япроққа ўхшаб,
Хазонга дўнмаган – айланган нурга.
Турарлар қалбларга зиё бағишлаб,
Улар яшаяпти биз билан бирга.

Болалик ва ёшликни умримизнинг баҳори десак, умримизнинг ўртасини ёзга менгзаймиз, кексаликни эса куз фаслига ўхшатамиз. Дарҳақиқат, кузда барча нозу неъматлар, деҳқонларимизнинг экиб, парваришлаган полиз экинлари, сабзавотлар пишиб етилади, пахта хирмонлари бўй кўрсатади. Инсоннинг айни кексалик пайтида ҳам у томонидан оширилган ишларнинг натижаси намоён бўлади. Кимдир бундан хурсанд бўлса, кимдир афсус чекади. Ахир нима эксанг, шуни ўрасан деган гап бекорга айтилмаган-да.
Умрнинг баҳори бўлгани мисол,
Кузи ҳам бир куни келар албатта.
Ҳатто ўзингга ҳам келади малол,
Пушаймонлар чексанг гар ўша пайтда.
Дилим, шул сабабдан бўл доим бедор,
Ғафлатга берилма, қочгил оромдан.
Барча фасллардай ўткинчи баҳор,
Сен унга ишониб, қолма армонда.
Умрнинг кузида сен бергил ҳосил,
Айлансин дилларнинг мангу мулкига.
Ўшанда кечирган ҳаётинг асл,
Ўшанда қолмассан таъна, кулгуга.
Насиҳат демагил, дилим сен буни,
Бу менинг сўзиммас – айтган донолар.
Ўйлаганим каби шу бугунингни,
Эртанг ҳақида ҳам сургим хаёллар.

Оналар болаларининг ўз бағриларида бўлишни истайди. Афсуски, бунинг доимо ҳам имкони бўлавермайди. Масалан, мен мактабни Жиззахнинг Ғаллаорол туманида тугатганман. Кейин пойтахтимизга келиб, университетда ўқишни давом эттирганман. Онам эса менинг келишимни интиқ бўлиб кутардилар. Албатта, биз болалар соғинчи билан оналар соғинчи ўртасидаги фарқ жуда катта бўлади. Биз болалар ўз иш, ўқишимиз билан андармон бўлиб, улардан тез-тез хабар олмаймиз. Оналар эса бизни ғоятда интиқ бўлиб кутишади, дийдоримизни қўмсаб яшашади. Уларнинг худди куз фаслидай ўйчан, ғамгин бўлиб қолишларига биз фарзандлар сабаб бўлишимизни кўпинча ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Жудаям онамга ўхшайсан, эй куз,
У ҳам худди сендай ғамгин, ўйчандир.
Бағридан ситилиб кетдик энди биз,
Ўйчан, ғамгинлиги балки шундандир.
Хазина топгандай кетар қувониб,
Шаҳардан қишлоққа борсам ҳар сафар.
Кузатиб қолади кўзга ёш олиб,
Остонадан тортиб кўчага қадар.
Бу айрилиқларга асло чек йўқдир,
Шуни ўйлайману эзилар бағрим.
Онажон, айбдор ўғлингни кечир,
Мен сабаб ҳеч қачон аримас дардинг.
Фақат бир нарса бор – кўнглимга далда,
У – ёзган шеърларим – тўплаган мулким.
Агар дил туғёни – шеър бўлмаганда,
Онажон, бағрингда қолардим балким.

Биз қушларни баъзан бевафоликда айблаймиз. Дарҳақиқат, қушлар бутун дунёни ўзларига ватан деб билишади. Аммо аслида шундаймикан? Менинг ўйлашимча, улар бошқа юртларга фақат шароит юзасидан, бошқача айтганда иложсизликдан кетишади . Чунки улар кетишмаса совуқдан ҳалок бўлишлари мумкин-да. Аммо улар баҳор келиши билан юртимизга яна қайтиб келишади. Масалан қалдирғочларни олайлик. Улар баҳорда келишиб, ҳатто хонадонларимизга уя қуришади. Бизлардан чўчишмайди ҳам. Бизларни ўзларига дўст, яқин тутишиб, ҳатто болаларини ҳам кўз ўнгимизди парваришлаб, учирма қилишади. Энг қизиғи, кузда жанубий юртларга учиб кетишса, баҳорда яна адашмай ўз инларига қайтиб келишади. Энди уларни ҳақиқий ватанпарвар демасдан бўладими?!
Наҳотки қушларда йўқ бўлса вафо,
Ташлаб кетаверса юртни қайғусиз?
Наҳотки шунчалар лоқайд, бепарво,
Уларга ётмикан Ватан туйғуси?
Йўқ, бутун заминдир қушлар ватани,
Ўйларига келмас тортмоқ чегара.
Болаларин севган оналар каби,
Ҳамма ўлкаларни бирдек севарлар.
Қушлар қайси юртга йўл олсалар ҳам,
У жойга баҳорни бошлаб боришар.
Ҳа, қушлар қадами энг қутлуғ қадам,
Улар келганданоқ кунлар ёришар.
Қушлар кетишидан бузилар кўнгил,
Лекин қайлардадир баҳор бошланар.
Меҳрибон отадай тилайман оқ йўл,
Шабнамли майсадай кўзим ёшланар.

Куз чоғларида кечаси тоғда бўлсангиз, ажиб бир кайфият, ҳис-туйғулар қалбингизни чулғаб олади. Тоғларнинг улкандан улкан сояси, этни жунжиктирувчи, аммо ёқимли шамоли, тиниқ ҳавоси руҳингизни кўтаради, она табиат ва юртга бўлган меҳрингизни чандон оширади.
Баланд чўққиларни ёритар гулхан,
Биқирлаб қайнайди қумғондаги сув.
Тоғларнинг сояси улкандан – улкан,
Юракка солади ҳайрат ва ғулув.
Итлар посбон каби ётади сергак,
“Тиқ” этган товушдан қулоқлари динг.
Кун бўйи йўл бошлаб толиққан серка,
Кўзларин юмганча олмоқдадир тин.
Қўйлар нафасини сезган бўрилар,
Олис-олислардан қолади увлаб.
Юзларга муздайин шамол урилар,
Кўзлардан уйқуни юборар қувлаб.
Чўпонлар гурунги гулхандай қизир,
Кўк чой айланади даврада тинмай.
Юрак-юрагингдан туясан ҳузур,
Тўрғай ноласидай янграганда най.

Чиндан ҳам куз ижодкорлар, айниқса, шоирларга илҳом бағишлайдиган гўзал фасл. Бирор шоир йўқки, кузда шеър ёзмаган бўлса. Агар ижодини кузатадиган бўлсангиз, кўпинча уларнинг энг яхши шеърлари кузга бағишланган бўлади. Бунинг асосий сабаби эса, боя айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон кузининг нақадар гўзаллиги ва бетакрорлигидадир.
Аслини айтганда шеър фаслисан куз,
Ҳар шоир кўнглида илҳом париси.
Қоғозларга кўчар шеърлар – олов сўз,
Уларда акс этар юрак парчаси.
Мени ҳам, ҳар сафар келганингда куз,
Илҳом парилари келади йўқлаб.
Кулбамни ёритар тунлар ой, юлдуз,
Кўзларимни тарк этади уйқулар.
Бахтиёр одам йўқ, мендек йўқ бу пайтлар,
Бор ғаму ташвишлар чиқар ёдимдан.
Бир ҳузур туярман тенгсиз жонимда,
Нурдек ёғилади кўксимдан байтлар...
Куз, сен бир баҳона дилни бўшатдим,
Эрк бердим полапон хаёлларимга.
Ўзни осмондаги қушга ўхшатдим,
Етгудайман учқур шамолларингга...

Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.
ЎзА