Она сутининг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди – ЖССТ
Бутунжаҳон она сути билан озиқлантириш ҳафталиги бошланди
Инсон ҳаётининг илк дақиқалариданоқ бошланадиган табиий озиқланиш жараёни ҳар бир янги дунёга келган гўдакнинг соғлом улғайиши, жисмоний ва ақлий ривожланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ҳар йили август ойининг биринчи ҳафтасида анъанавий тарзда нишонланадиган Бутунжаҳон она сути билан озиқлантириш ҳафталиги айнан ана шу улуғвор ва ҳаётий жараёнга жамият эътиборини қаратиш, қўллаб-қувватловчи муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси томонидан 2018 йилда ушбу ҳафталикни соғлиқни сақлаш соҳасини тарғиб қилишнинг муҳим чораси сифатида ташкил этишни қўллаб-қувватловчи махсус резолюция қабул қилинганидан буён мазкур сана глобал миқёсда кенг нишонланиб келмоқда. Бу каби ташаббуслар дунё миқёсида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги глобал ҳаракатларнинг ажралмас қисмига айланган.
Халқаро миқёсда олиб борилган кузатишлар ва тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, эмизиш болалар саломатлигини яхшилаш ҳамда гўдаклар ўлимининг олдини олишнинг энг самарали ва табиий усулларидан биридир. Бироқ глобал статистика ташвишланарли ҳолатни ҳам юзага чиқармоқда: замонавий дунёда олти ойликкача бўлган чақалоқларнинг ярмидан камроғигина фақат она сути билан озиқлантирилади. Бу эса ўз навбатида халқаро ҳамжамиятни, жумладан, тиббиёт ва жамоат ташкилотларини янада фаолроқ ҳаракат қилишга ундайди.
Мутахассисларнинг фикрича, сунъий озиқ-овқатлар ва она сути ўрнини босувчи аралашмаларнинг кенг тарғиб қилиниши гўдак саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундай сунъий маҳсулотлар кўпинча бола ўсишининг секинлашишига, организмда муҳим микроэлементлар, витаминлар ва минераллар етишмовчилигига ҳамда боланинг турли юқумли ва сурункали касалликларга мойиллиги ошиб кетишига олиб келади. Шу боисдан ҳам жаҳон миқёсида она сутининг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслигини кенг жамоатчиликка етказиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Чақалоқ учун таркибида юздан зиёд шифобахш биологик фаол моддалар ва микроэлементлар жамланган, иммуноглобулинга бой она сутидан ҳам кўра мукаммалроқ ҳамда мослашувчан озуқа табиатда умуман мавжуд эмас. У гўдакни илк кунларданоқ турли инфекциялардан ишончли ҳимоя қилади, унинг табиий иммунитетини мустаҳкамлайди ҳамда келгусидаги интеллектуал салоҳияти ва жисмоний такомиллашувини таъминлашда асосий пойдевор вазифасини бажаради.
Қолаверса, эмизиш жараёни фақатгина чақалоқ учун эмас, балки оналар саломатлигини яхшилашда ҳам улкан аҳамиятга эга бўлиб, аёллар организмидаги қатор хавфли ва оғир касалликларнинг эрта олдини олишга катта ҳисса қўшади.
Мамлакатимизда ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг доимий ва энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган бўлиб, хусусан, 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда oна сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишни қатъиян тақиқлаб, муҳим ҳуқуқий қалқон бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам инсон капиталини ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, стратегияга асосан, 2030 йилгача олти ойликкача бўлган чақалоқларни истисносиз она сути билан озиқлантириш даражасини 80 фоизга етказиш улуғвор ва масъулиятли мақсад қилиб қўйилган.
Ўтган йили Ҳукумат томонидан тасдиқланган Гўдак ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастури эса бу борадаги амалий ишларни янада кенгайтириб, янги босқичга кўтарди.
Хулоса ўрнида айтганда, она сути билан озиқлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ва бунинг учун зарур муҳитни яратиш келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлоднинг соғлом, бахтли ва баркамол ҳаёт кечиришининг энг муҳим ҳамда кафолатли гаровидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА