Омонулла Файзуллаев ўзбек файласуфларининг дарғаси эди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида атоқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти совриндори, фалсафа фанлари доктори, профессор Омонулла Файзуллаев таваллудининг 105 йиллигига бағишланган хотира тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон файласуфлари ассоциацияси ва Турон Фанлар Академиясининг Ўртатурк тили халқаро илмий тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Омонулла Файзуллаев (1921-2008) — таниқли ўзбек файласуф олими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби ва Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати сифатида ўзбек фалсафа фанида етакчи ўрин эгаллаган заҳматкаш олимлардан бири эди. У мамлакатимизда фалсафа ва табиатшунослик фанлари интеграциясига улкан ҳисса қўшган серқирра олим ҳисобланади.
Анжуманда эътироф этилганидек, Омонулла Файзуллаев миллий фалсафа фанининг ривожига улкан ҳисса қўшган, ўзбек фалсафа фанини дунёга танитган олимлардан бири эди.
Олим 1921 йил 4 майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1949 йилда Ўрта Осиё давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг физика-математика факультетининг механика бўлимини тамомлаган.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган Омонулла Файзуллаев "Жасорат" медали ва бир қатор медаллар билан тақдирланган.
Анжуманда эътироф этилганидек, Омонулла Файзуллаев шогирдларига ниҳоятда талабчан ва қаттиққўл устоз эди. Бу эса шогирдларнинг илм йўлидаги машаққатлардан чўчимай изланишлар олиб боришида ва ютуқларга эришишида асосий омил бўлди.
Олимнинг илмий изланишлари асосан табиатшуносликнинг фалсафий муаммолари ва Марказий Осиё мутафаккирлари меросини тадқиқ етишга қаратилгани билан диққатга сазовордир. О.Файзуллаев физика ва математика асосларини фалсафа билан боғлаган ҳолда, материя, ҳаракат, фазо ва вақт каби тушунчаларни фалсафий жиҳатдан таҳлил қилган. Aйниқса, онтология ва билиш назарияси масалаларида ўзига хос мактаб яратган.
Устоз Омонулла Файзуллаев Беруний, Aҳмад ал-Фарғоний, Алишер Навоий ва бошқа буюк алломаларимизнинг жаҳон фани ривожига қўшган ҳиссасини фалсафий нуқтайи назардан ёритиб берган. Унинг бу борадаги ишлари ўзбек илмий тафаккур тарихини дунёга танитишда муҳим ўрин тутади.
Омонулла Файзуллаев фаннинг методологик муаммолари, хусусан, илмий билиш усуллари ва уларнинг амалиётдаги ўрни ҳақида фундаментал тадқиқотлар олиб борган. Олим “Билим” жамиятида бош муҳаррир ва турли илмий-техника институтларида раҳбарлик қилиб, илмий билимларни кенг омма орасида ёйишга, фан ва маданиятни боғлашга катта ҳисса қўшган.
Унинг илмий мероси бугунги кунда ҳам фалсафа ва фан методологияси бўйича тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Анжуманда атоқли олим Омонулла Файзуллаев фаолияти, илмий мероси ҳақида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири