Омонариқда гулчилик янада кенгаяди (+видео)
Андижон вилояти Балиқчи туманидаги Омонариқ маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, томорқадан унумли ва самарали фойдаланиш, шу орқали маҳалла аҳолисининг реал даромадини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Кейинги икки йил ичида маҳалладаги 218 нафар фуқарога имтиёзли кредит, 20 нафар фуқарога субсидия, 81 нафар кишига деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга 10-15 сотихдан ер ажратиб берилди. Бундан ташқари, 72 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 46 нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, 5 та тадбиркорлик субъектини зарур инфратузилма билан таъминлаш учун ёрдам кўрсатилди.
– Маҳалламиздаги 1 минг 100 га яқин хонадонда 5,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Ҳаётбек Хожимуродов. – Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ана шу асосда амалий ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, томорқадан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-16359]
Айни кунда маҳалла хонадонларида 27 гектар томорқа майдони мавжуд. Уларнинг 30 дан ортиғида иссиқхона барпо этилган. Иссиқхоналарнинг аксариятида лимон, помидор, бодринг, карам, булғор қалампири етиштирилаётган бўлса, қатор хонадонлардаги иссиқхоналарда гул кўчатлари парваришланмоқда.
Маҳалланинг Андижон кўчасида яшовчи тадбиркор Мансурбек Пўлатов кўп йиллардан буён ўз томорқасидаги иссиқхонада манзарали гул кўчатлари етиштириб келади. Ўтган йиллар давомида у гул кўчати етиштириш бўйича катта тажриба тўплади, яхши даромад олишга эришди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азизбек Нурматов, ҳоким ёрдамчиси Ҳаётбек Хожимуродов ташаббуси билан тадбиркорнинг фаолиятини янада кенгайтириш, иссиқхоналар қуриб, маҳалладаги бошқа хонадонларда ҳам гулчиликни йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида унга яна 6 сотих ер майдони ажратиб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4PVWLzjhl9c" title=""Omonariq"da gulchilik yanada kengaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 2022 йилда Халқ банкининг туман бўлимидан 33 миллион сўм кредит олиб, олти сотих майдонда иссиқхона ташкил этдим, – дейди тадбиркор Мансурбек Пўлатов. – Бу ерда ҳам бир неча турдаги гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйдим. Саъй-ҳаракат ва меҳнатларимиз самараси ёмон бўлмади. Ўтган йили яхши даромад олдик. Бу йил ҳам катта даромад олиш ниятидамиз. Шу кунларда иссиқхонада етиштирилган 4 хил турдаги гул кўчатларини харидорларга етказиб беряпмиз.
Иссиқхонадаги турфа, бир-биридан гўзал гулларни кўриб баҳри-дилингиз яйрайди. Гўзаллик яратаётган қўли гул, ўз ишининг миришкорлари меҳнати ҳар қанча таҳсинга муносибдир.
Энг асосийси, маҳалладаги бир неча оила тадбиркордан гулчиликни ўрганмоқда. Улар ҳам ўз томорқаларида иссиқхона қуриб, гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйишни мақсад қилишган.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари