Омбудсманларнинг илғор тажрибаси ўрганилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова жорий йил 19-20 октябрь кунлари Озарбайжон Республикаси Омбудсман институтининг 20 йиллиги муносабати билан Боку шаҳрида ташкил этилган халқаро конференцияда иштирок этди.
“Тадбиркорлик ва инсон ҳуқуқи масаласида Омбудсман ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг роли" мавзусидаги мазкур нуфузли анжуманга Ўзбекистон, Туркия, Хитой, Япония, Молдова, Индонезия, Эрон, Жанубий Корея, Қозоғистон, Покистон ва Марокаш омбудсманлари, миллий институтлар раҳбарлари ва халқаро экспертлар таклиф этилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соҳада устувор тамойилларни амалга ошириш тенденциялари ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш масаласини муҳокама қилиш, бизнесни ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш жараёнида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш учун майдонча яратишдан иборат.

Конференцияда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова мезбон томонни Озарбайжон Омбудсман институтининг 20 йиллиги билан қутлаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳуқуқи ва манфаатини самарали ҳимоя қилиш учун Омбудсман томонидан қўлланаётган таъсир кўрсатиш чора ва механизмларига эътибор қаратди, жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини ўтказиш тажрибаси билан ўртоқлашди, Омбудсман институти фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз юритди.
ЎзА