Омбудсман тергов ҳибсхонасидаги шароитни ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнорахон Абдувоҳидова Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 3- сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар, хусусан, аномал совуқ ҳукм сураётган аёзли кунларда маҳбус ва маҳкумлар сақланаётган хоналарнинг иситилиши ҳолати билан танишди.
Ўрганиш жараёнида тергов ҳибсхонаси умумий иситиш тизими орқали табиий газ билан иситилаётганлиги, хоналардаги иссиқлик ва маҳкумларга яратилган шароитлар белгиланган талаблар даражасида ташкил этилганлиги маълум бўлди.

–Муассасада истиш тизими узлуксиз ишлашини таъминлаш ва назорат қилиб бориш учун масъул ходимлар бириктирилган, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнорахон Абдувоҳидова. – Улар томонидан суткалик навбатчилик жадвали асосида иситиш тизимининг мўътадил ишлаши назорат қилиб борилмоқда.
Ўрганиш давомида ҳибсхонада маҳкумлар сақланаётган хоналар иссиқлиги белгиланган даражада эканлиги, шунингдек, маҳбус ва маҳкумлар билан бевосита суҳбатларда уларнинг муассасада яратилган шароитлардан ҳеч қандай эътирозлари йўқлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, ҳибсхонадаги қисқа муддатли учрашув хонаси, адвокат ва терговчилар учун ажратилган хоналар ҳам доимий равишда иситилмоқда.
Суҳбатлар жараёнида маҳбусларнинг суд жараёнлари юзасидан саволларига тегишли ҳуқуқий тушунча ва тавсиялар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА