“Омбудсман мактаби”: аҳолининг ҳуқуқий билимларини бойитмоқда
Пахтаобод туманидаги жамоат саломатлиги техникумида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Ижтимоий давлатда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари” мавзусида аҳоли вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг ўринбосари Бекзод Наримонов, Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари Расулжон Рустамов, тумандаги “Қашқар”, “Машъал”, “Санграобод”, “Наврўз” ва “Қорашоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, аҳоли вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, очиқ мулоқотга Омбудсманга ушбу ҳудуддан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида аҳоли учун долзарб бўлган масалалар бўйича масъул идоралар вакиллари ҳам таклиф этилди.


Тадбирда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳалар қатори жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, хусусан, инсон омилига эътибор, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди. Ушбу масалалар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларига айланганлиги, “Инсон-жамият-давлат” тамойили асосида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Дастлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг ўринбосари Бекзод Наримоновнинг “Инсонни эшитиш, унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш – омбудсманнинг вазифаси” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Мулоқотда Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Салимжон Отамирзаев аҳолига тиббий ёрдам ва хизмат кўрсатиш, тиббий суғуртанинг аҳамияти ва улардан фойдаланиш тартиблари тўғрисида гапирди.
Шундан сўнг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Пахтаобод туман бўлими раҳбари Фахриддин Усмонов давлат пенсия таъминотига оид қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида маълумотлар берди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги вакили Жасурбек Иброҳимов гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришнинг янги ҳуқуқий механизмлари, фуқароларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини ошириш муҳимлиги ҳақида сўз юритди.
Маърузачилар маърузалар юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Туман прокурори Хусанбой Юсупов Омбудсман ўринбосарининг юртимизнинг энг чекка, чегара ҳудудларидан бирида аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказиши, аҳоли муаммоларини эшитиши, хусусан, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган тарғибот тадбирлари юртимизда инсон ҳуқуқларига бўлган эътиборнинг намунаси эканлигини таъкидлади.
Мунозара, савол-жавоб асосида ўтган ушбу мулоқот аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иштирокчиларнинг ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига оид ҳуқуқий билимларини бойитишга, уларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири