Олтин тусдаги табиат
Ҳар бир одамни ҳаттоки ёш болаларни ҳам ёқтирган фасли бор.
Чунки ҳар ким ҳар бир фаслдан ўзгача завқу шавқ, ҳикмат излайди. Энг катта мақсадларини яхши кўрган фаслида амалга оширишни режалаштирадиганлар бор. “Мен баҳорда ўғлимни уйлантираман”, “ Мен ёзда уйимни таъмирдан чиқараман”. “ Мен эса бу йил кузда далаларимдан мўл ҳосил оламан”…
Ҳа, шундай биз режаларимизни амалга оширишимиз учун қайсидир фаслдан ўзгача натижа кутамиз.
Мен эса КУЗни яхши кўраман. Нимаси биландир кўнглимга яқин бу фасл. Кузда одамлар ҳам бироз босиқ бўлиб қолгандек, кунларимиз бақир чақирсиз, сокин ўтаётгандек туюлади.
Далаларга, кенг майдону сўқмоқларга қараб кўнгил яйрайди. Айниқса, бу фаслда деҳқонларнинг ғайрату шижоати ошганини, далаларда ҳосил йиғишаётганини кўриб, дастурхонимиздаги ҳар бир неъматнинг қадрини яна бир бор ҳис қиламиз.
Қизиғи, табиат кузда рангини ўзгартирса-да, одамнинг кўнглига қандайдир илиқлик беради. Ҳаво салқинлашади, кунлар қисқаради, аммо хаёллар узаяди.
Кузда қишлоқнинг ҳам, шаҳарнинг ҳам ўзгача чиройи бор. Ҳосилдан шоҳларини эгган боғли далалар, пахтазорлар, сарғайган ўтлар, узоқларга чўзилган йўллар…
Дарахтлар орасидан тушаётган қуёш нури, далаларнинг ҳиди — ҳаммаси одамга роҳат беради.
Балки шунинг учун кузда табиатга қараб туришнинг ўзи бир роҳатдир. Ҳеч қаёққа шошмайсан, ҳеч нарсани исботлашинг шарт эмас. Шунчаки қараб турасан… Ва ҳаётнинг оддий, аммо қадрли лаҳзаларини ҳис қиласан.
[gallery-https://uza.uz/uz/collection/31957]
Нигора Раҳмонова, ЎзА