Олтиариқлик боғбоннинг инновацион тажрибаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Абдулвоҳид Мирзажоновлар оиласи томорқадан самарали фойдаланиш, янги агротехнологияларни жорий этиш ва мевачилик соҳасида инновацион ёндашувларни синаб кўриш бўйича катта амалий тажрибага эга.
Хонадон томорқасида барпо этилган мўъжаз, аммо серҳосил мевали боғда хориждан келтирилган навларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш ҳамда селекция элементларини амалда қўллаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, пайвандтак усули орқали янги навларни кўпайтириш ва уларнинг биологик хусусиятларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган.
Боғда Италия ва Испаниядан келтирилган гилос, ўрик ва олма дарахтлари, Эрондан олиб келинган нок ҳамда хандон пистаси парваришланади. Улар маҳаллий шароитга мослаштирилиб, юқори ҳосил бериш имкониятлари синовдан ўтказилмоқда.
Хонадоннинг ертўла қисмида эса АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва Хитойдан келтирилган 14 турдаги узум навлари устида амалий тажрибалар олиб борилмоқда. Ушбу жараёнлар орқали узумчиликда янги, самарали технологияларни жорий этиш имкониятлари ўрганилаётир.
[gallery-28842]
Айни пайтда хонадонда кўчатчилик йўлга қўйилган бўлиб, сифатли мевали кўчатлар етиштирилиб, буюртма асосида мамлакатнинг турли ҳудудларига етказиб берилмоқда. Бу эса аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш маданияти кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА