Олотда илк бор очиқ юрак жарроҳлиги ўтказилди
Юрак — инсон ҳаётининг энг нозик ва муқаддас неъматларидан бири. Айниқса, гўдак юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказиш шифокордан юксак билим, улкан тажриба, замонавий технология ва ниҳоятда катта масъулиятни талаб этади. Бундай мураккаб операцияларнинг муваффақиятли амалга оширилиши эса нафақат бир оиланинг қувончи, балки бутун ҳудуд тиббиёти учун муҳим воқеадир.
Бухоро вилояти тиббиётида ана шундай қувончли ва аҳамиятли воқеа қайд этилди. Бухоро вилоятининиг Туркманистон Республикаси билан чегарадош, энг чекка ҳудуди Олот туманида илк бор бир ёшли қизалоқда очиқ юракда мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Энг муҳими, кечагина бундай мураккаб тиббий амалиёт учун пойтахт ёки йирик тиббиёт марказларига боришга тўғри келган бўлса, бугун юксак технологияларга асосланган тиббий ёрдамни аҳоли яшаш жойига яқинлаштириш имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Бу — инсон саломатлиги ва ҳаётини асраш йўлидаги ислоҳотларнинг жойлардаги амалий самараси. Мазкур мураккаб жарроҳлик амалиёти Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Операция жараёнида кардиожарроҳлар, анестезиолог-реаниматологлар ва бошқа малакали тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Ҳар бир босқичи юксак аниқлик ва эҳтиёткорликни талаб қилган ушбу мураккаб амалиётда шифокорларнинг касбий маҳорати, ҳамжиҳатлиги ва масъулияти ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Бир ёшли қизалоқ учун бу операция — оддий тиббий жараён эмас. Унинг ортида фарзандининг соғлом ҳаёт кечиришини орзу қилган ота-онанинг умиди, шифокорларнинг масъулияти ва замонавий тиббиётнинг имкониятлари мужассам.
Шу боис операциянинг муваффақиятли ўтказилгани Олотдаги тиббиёт жамоаси учун ҳам, қизалоқнинг яқинлари учун ҳам унутилмас воқеага айланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган тиббий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — юқори технологик тиббий хизматларни нафақат пойтахтда, балки ҳудудларнинг ўзида ҳам ташкил этиш, аҳоли учун сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришдир.
Бу ёндашувнинг мазмуни жуда оддий ва айни пайтда ниҳоятда муҳим: бемор сифатли тиббий хизмат олиш учун албатта узоқ йўл босиб ўтиши шарт эмас. Замонавий тиббиёт имкониятлари унинг ўзига, унинг оиласига яқинлашиши керак. Олотда ўтказилган мазкур операция ана шу мақсаднинг ҳаётдаги яна бир амалий ифодасидир.
Илгари асосан пойтахт ва йирик шаҳарларда амалга оширилган мураккаб текширув ва жарроҳлик амалиётларини энди ҳудудларнинг ўзида йўлга қўйиш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Илғор технологиялар, замонавий тиббий ускуналар ва тажрибали мутахассисларни ҳудудларга жалб этиш орқали тиббий хизмат сифати янги босқичга кўтарилмоқда.
Олот туманида очиқ юрак жарроҳлигининг илк бор амалга оширилиши, аввало, туман тиббиёти имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Зеро, юқори технологик операцияни жойларда ўтказиш учун фақат замонавий жиҳознинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун малакали кадрлар, жамоавий тажриба, аниқ тиббий протоколлар, замонавий реанимация имкониятлари ва ҳар бир вазиятга тайёр тиббиёт жамоаси зарур.
Шу маънода, ушбу амалиёт Олот тумани тиббиёт тизими учун катта тажриба мактаби бўлди. Мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик, билим ва кўникмалар алмашинуви келгусида янада мураккаб тиббий хизматларни ҳудуднинг ўзида ташкил этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Бу эса келажакда яна кўплаб беморларнинг ҳаёти ва саломатлигини асрашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири