Олмалиқ давлат техника институти талабаларини қизғин баҳслар ва ёрқин ғалабалар кутмоқда
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спортга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда талабалар салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган спорт тадбирлари юртимизда изчил давом этмоқда. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири сифатида Олмалиқ давлат техника институтида “Янги Ўзбекистон талабалари спорт олимпиадаси”га старт берилди.
Олмалиқ давлат техника институтида “Янги Ўзбекистон талабалари спорт олимпиадаси”нинг тантанали очилиш маросими юқори савияда бўлиб ўтди.

Тадбирда шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Миллий Олимпия қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ва МИСИС Олмалиқ филиали масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Институт ректори У.Холиқулов тадбир иштирокчиларини табриклаб, талабаларга мусобақаларда муваффақият тилади ҳамда олтита спорт туридан иборат бўлган олимпиадага расман старт берилди.

Бугунги кунда институтда “Турон” спорт клуби, 7 та тўгарак ва 5 та секция фаолият олиб бормоқда. Уларда институтнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг 90 фоизга яқини қамраб олинган.

Мазкур олимпиада эса ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда иқтидорли спортчиларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этади.
М. Қосимова, ЎзА