Олий таълим: ёшлар тарбиясида ҳамкорлик ва масъулият
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ташкил этилган Ота-оналар конгреси ёшлар тарбияси, уларнинг маънавий камолоти ва келажагига дахлдор муҳим масалалар муҳокама қилинган аҳамиятли тадбирлардан бири бўлди.
Тадбир аввалида талабаларнинг ота-оналари филиалда яратилган шарт-шароитлар, ахборот-ресурс маркази, ўқув лабораториялари, виварийлар ҳамда талабалар учун яратилган имкониятларни кўздан кечириб, таълим жараёнига янгича ёндашувлар жорий этилаётганига гувоҳ бўлишди.
Шундан сўнг филиал мажлислар залида конгресснинг асосий қисми бўлиб ўтди. Уни бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр юритилди.
Таъкидланганидек, глобаллашув жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик ва илмга қизиқишини ошириш муҳим вазифалардан бири саналади. Бу йўлда ота-она ва таълим муассасаси ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Конгресс доирасида ота-оналар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Суҳбатлар жараёнида талабалар таълими, тарбияси ва маънавий муҳитини янада мустаҳкамлашга оид таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, таълим, илм-фан ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган иқтидорли талабаларнинг ота-оналари ташаккурномалар билан тақдирланди.
– Қизим битирувчи курс талабаси. Жорий ўқув йилида Тўлепберген Қайипбергенов номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди. Бу устозларнинг меҳнати ва берган билимлари самараси. Филиалда ёшлар учун яратилган шароитларни кўриб, кўнглимиз янада тўлди, – дейди талаба онаси Гулзар Алиева.
Мазкур конгресс ота-она, таълим муассасаси ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг муҳими, бу каби учрашувлар ёшлар тарбиясига дахлдор масъулиятни яна бир бор чуқур ҳис этишга ундаши билан аҳамиятлидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.