Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (+видео)
Юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳам 2026–2027-ўқув йили бошланди.
Айни пайтдаги қабул натижаларига кўра, университетнинг 11 та таълим йўналиши бўйича 1 077 нафар талаба 1-босқичга қабул қилинди. Уларнинг 783 нафари кундузги, 214 нафари кечки, 80 нафари эса масофавий таълим шаклида таҳсил олишни бошлайди. Талабаларнинг 260 нафари давлат гранти, 817 нафари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Шу билан бирга, қўшимча қабул жараёнлари давом этаётгани сабабли биринчи босқич талабалари сони яна ортиши кутилмоқда.
Бугун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети нафақат юртимизда, балки халқаро академик майдонда ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган таълим ва илмий марказлардан биридир. Университетнинг THE Impact Rankings рейтингида 2022-йилдаги 1000+ натижадан 2026-йилда ТОП-101+ даражасига кўтарилгани, гендер тенглиги бўйича дунёда 8-ўрин, сифатли таълим бўйича 28-ўринни эгаллагани, шунингдек, QS рейтингида “Modern Languages” йўналиши бўйича дунёнинг ТОП-251+ университетлари қаторидан жой олгани университетнинг халқаро нуфузини намоён этади.
Университетнинг Оксфорд университетидаги “Ўзбекшунослик дастури”, Италиянинг Ka-Foskari университетидаги “Ўзбекистон бурчаги”, дунёнинг турли мамлакатларидаги ўзбек тили ва маданияти марказлари, халқаро таълим ва илмий лойиҳалари ҳам ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Эндиликда ана шу катта тарих, анъаналар ва ютуқларнинг давомчиси бўлиш навбати янги авлод талабаларига насиб этмоқда. Фурсатдан фойдаланиб талабаларни ижодий жамоамиз номидан табриклаб, илмий ва ижодий изланишларида омад, унутилмас талабалик йилларида катта марралар эгаллашларига тилакдошмиз.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА