Олий таълим муассасалари волонтёрлик марказининг самарали ишлаш модели — хорижий тажриба асосида
Бугун олий таълим олдида турган вазифалар фақат ёш авлодга пухта билим бериш билангина чекланмайди. Олий таълим муассасаси, аввало, ўз фикрига эга, ташаббус кўрсатишга қодир, жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган ва масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимайдиган ёшларни тарбиялаши керак. Мен волонтёрлик фаолияти билан ишлаш жараёнида бир нарсага тобора кўпроқ амин бўляпман: бир ёшнинг ҳақиқий салоҳиятини фақат аудиторияда кўриш мумкин эмас. Унинг имкониятлари реал вазиятларда, одамлар билан ишлаш, муаммоларга ечим излаш ва жамоавий ташаббусларда янада яққол намоён бўлади.
Волонтёрлик ана шундай табиий мактаблардан биридир. Бу фаолият орқали талаба мулоқот, жамоада ишлаш, вақтни бошқариш, ташаббус ва масъулият каби кўникмаларни амалда эгаллайди. Шу сабабли мен волонтёрликни оддийгина беғараз ёрдам эмас, балки ёш инсоннинг шахсий ва профессионал ривожланишига хизмат қиладиган муҳим педагогик имконият сифатида кўраман. Айнан шу қараш мени “Олий таълим муассасаларида талабалар волонтёрлик фаолиятини ташкил этишнинг педагогик моделини такомиллаштириш” мавзусида илмий изланиш олиб боришга ундади.
Фарғона давлат университети волонтёрлик маркази раҳбари ҳамда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ментор-тренери сифатида талабалар билан ишлаш жараёнида битта муҳим ўзгаришга тез-тез гувоҳ бўламан. Марказга дастлаб оддий иштирокчи сифатида келган талаба вақт ўтиши билан ташаббус кўрсатадиган, жамоани бошқарадиган, лойиҳа ишлаб чиқадиган ва бошқаларга йўл кўрсатадиган ёшга айланади. Менимча, волонтёрликнинг энг катта натижаси ҳам айнан шу ўзгаришда. Шу сабабли марказ фаолиятини фақат ўтказилган тадбирлар ёки иштирокчилар сони билан баҳолаш етарли эмас.
Асосий мезон — ёшнинг ушбу фаолият давомида қандай ривожлангани, қандай кўникмаларни эгаллагани ва кейинги босқичга қанчалик тайёр бўлгани. Талаба тадбир ташкил этар экан, лойиҳа бошқаришни; турли инсонлар билан ишларкан, мулоқот қилишни; муаммо юзага келганда эса мустақил ечим топишни ўрганади. Шундай қилиб, волонтёрлик жараёнида орттирилган тажриба аста-секин профессионал компетенцияга айланади.
Хорижий тажрибани ўрганиш жараёнида ҳам мени айнан шу жиҳат қизиқтирди. Кўплаб олий таълим муассасаларида талабалар волонтёрлиги ижтимоий фаоллик билан бир қаторда, шахсий ва касбий ривожланиш воситаси сифатида ҳам қаралади. Албатта, хорижий тажрибани айнан кўчириб олиш тўғри эмас. Ҳар бир мамлакатнинг таълим тизими ва ижтимоий муҳити ўзига хос.
Муҳими, самарали механизмларни ўрганиб, уларни миллий шароитга мослаштириш. Айниқса, волонтёрларни босқичма-босқич ривожлантириш, менторлик тизимини йўлга қўйиш, амалий лойиҳаларга жалб қилиш ва фаолият натижаларини баҳолаш каби ёндашувлар эътиборга лойиқ. Мен учун бу тажрибанинг энг муҳим жиҳати шундаки, волонтёр марказга келган заҳоти тайёр мутахассис сифатида эмас, ривожланиш йўлидаги ёш сифатида қаралади. У аввал ўрганади, кейин амалий вазифаларни бажаради, тажрибаси ортгани сари мустақил лойиҳа ва жамоаларни бошқаришга ўтади. Ана шу узлуксизлик волонтёрлик марказини оддий тадбирлар ташкилотчисидан ривожлантирувчи муҳитга айлантиради.
Фарғона давлат университетидаги фаолиятим ҳам ёшларнинг ташаббусга тайёрлигини кўрсатмоқда. Талабага ишонч билдирилса ва унга амалий имконият берилса, ундаги кўплаб қобилиятлар юзага чиқади. Албатта, бунинг учун фақат ишончнинг ўзи етарли эмас, билим, менторлик ва хатоларни тузатиш имконияти ҳам керак. Мен ёшлар билан ишлаганда хатони муваффақиятсизлик эмас, тажрибанинг бир қисми сифатида кўришга ҳаракат қиламан. Чунки ҳеч ким биринчи кунданоқ тажрибали лидер бўлиб қолмайди. Бугун кичик гуруҳга бошчилик қилган талаба эртага катта лойиҳани бошқариши, бугун янги волонтёрга ёрдам берган ёш эса эртага ментор бўлиши мумкин. Шу маънода Волонтёрлик маркази ёшлар учун ҳақиқий тажриба мактабига айланиши керак.
Бундай марказнинг самарали ишлаши учун эса аниқ тизим зарур. Волонтёрни жалб қилиш, унга бошланғич билим бериш, қизиқиши ва қобилиятига мос йўналишни аниқлаш, амалий лойиҳаларга жалб қилиш, менторлик ва қайта алоқани йўлга қўйиш — жараённинг муҳим босқичлари. Тажрибаси ортган волонтёрга мустақил лойиҳа ёки жамоани бошқариш имконияти берилиши керак. Кейинчалик у янги волонтёрларни тайёрлаш жараёнига жалб қилинади. Мен “волонтёрликдан профессионалликкача” моделини айнан шу ривожланиш занжири сифатида тасаввур қиламан: жалб қилиш — ўқитиш — амалиёт — менторлик — мустақиллик — етакчилик. Шундагина волонтёрлик вақтинчалик машғулот эмас, ёшнинг шахсий ва профессионал ривожланиш траекториясига айланади.

Бугунги меҳнат бозорида ёш мутахассисдан фақат диплом эмас, амалий кўникмалар ҳам талаб қилинмоқда. Мулоқот, жамоада ишлаш, ташаббус кўрсатиш, муаммога ечим топиш ва ўз фаолиятини мустақил ташкил этиш каби қобилиятлар ҳар қандай соҳада муҳим. Волонтёрлик эса ана шу кўникмаларни реал фаолият жараёнида шакллантириш имконини беради. Шу сабабли мен волонтёрликни олий таълимга рақобатчи эмас, балки унинг амалий имкониятларини тўлдирувчи восита сифатида кўраман. Университетда олинган билим волонтёрлик орқали ҳаётий вазиятларда синовдан ўтади, амалий тажриба эса назарий билимнинг мазмунини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Натижада таълим, волонтёрлик ва профессионал ривожланиш бир-бирини тўлдирадиган ягона тизимга айланиши мумкин.
Илмий тадқиқотимнинг асосий мақсадларидан бири ҳам ана шу боғлиқликни педагогик жиҳатдан асослаш. Мен учун тадқиқот фақат илмий иш саҳифаларида қолиб кетадиган назарий хулосалар йиғиндиси эмас. Унинг натижалари амалиётда синаб кўрилиши ва ёшлар билан ишлаш жараёнига хизмат қилиши муҳим. Фарғона давлат университетидаги фаолиятим менга назария ва амалиётни бир-биридан ажратмасдан кўриш имконини бермоқда. Талабалар билан ишлаш жараёнида туғилган саволлар илмий изланишларимга йўналиш берса, тадқиқот давомида шаклланаётган хулосалар амалий фаолиятимга янгича қараш имконини яратмоқда. Шу жиҳатдан илм ва амалиёт бир-бирини тўлдирадиган икки йўналишдир. Волонтёрлик марказининг ҳақиқий бойлиги ҳам унинг биноси ёки тадбирлар сони эмас, балки ўзида шакллантирган инсон капиталидир. Кеча янги келган волонтёр бугун тажрибали иштирокчига, эртага эса лойиҳа раҳбари ёки ментор-тренерга айланиши мумкин.
Мен учун “волонтёрликдан профессионалликкача” йўли ёшлар билан ишлашга бўлган муайян педагогик қараш. Бугун университетда ташаббус кўрсатаётган талаба эртага ўз касбида ҳам ташаббускор мутахассис бўлиши мумкин. Бугун бошқаларга ёрдам беришни ўрганаётган волонтёр эртага бошқаларга йўл кўрсатадиган етакчига айланиши мумкин.
Шунинг учун мен волонтёрликни ёшларнинг бугунги фаоллиги эмас, эртанги имкониятлари нуқтаи назаридан ҳам кўриш керак, деб ҳисоблайман. Университет раҳбарияти томонидан ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга амалий майдон яратиш ва Волонтёрлик маркази фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳам ана шу жараён учун муҳим омил. Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммедов бошчилигида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор бизга бу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратмоқда. Мен эса бу имкониятни илмий изланиш, амалий фаолият ва ёшлар билан биргаликдаги янги ташаббуслар орқали давом эттиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Ҳусниддин Тоҳиров,
Фарғона давлат университети тадқиқотчиси,
Университет волонтёрлик маркази раҳбари.
ЎзА