Олий таълим муассасалари сони тўрт баробар ошди
Ўзбекистонда сўнгги 35 йил давомида олий таълим тизимида кенг кўламли ўзгаришлар юз берди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари сони филиаллар билан бирга 215 тани ташкил этди. Бу эса 1991 йилдаги 52 та олий таълим муассасасига нисбатан 4,1 баробар кўпдир.
1991–2015 йиллар давомида олий таълим муассасалари сони нисбатан секин суръатларда ошиб, 52 тадан 69 тага етган. Бу даврда 24 йил ичида атиги 17 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилган.
Бироқ 2016 йилдан кейин соҳада туб ислоҳотлар бошланиб, янги давлат ва нодавлат олийгоҳлар, хорижий университетлар филиаллари ташкил этилди.
Натижада 2020 йилда ОТМлар сони 127 тага, 2021 йилда 154 тага,
2022 йилда 191 тага,
2023 йилда эса рекорд даража – 219 тага етди.
Бу кўрсаткич мамлакатда олий таълим қамровини ошириш, рақобат муҳитини шакллантириш ва аҳолининг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган давлат сиёсати самараси сифатида баҳоланмоқда.
Статистикага кўра, 2024 йилда ОТМлар сони 222 та бўлган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 215 тага тушган. Яъни бир йилда 7 тага қисқариш кузатилган.
Мутахассислар бу ҳолатни таълим муассасаларини оптималлаштириш, айрим хусусий олийгоҳлар фаолиятини қайта ташкил этиш ёки лицензия талабларининг кучайтирилиши билан изоҳламоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА