Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи Комплаенс назорат хизмати ташкил этилмоқда
Давлатимиз раҳбари “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” фармонни имзолади.
Ҳужжатда суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган "фавқулодда ҳолат"дан келиб чиқиб, устувор мақсад ва вазифалар белгиланди.
Олий суднинг аппаратида Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади.
Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида Комплаенс назорат хизматига тўғридан-тўғри бўйсунадиган комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилади.
Комплаенс назорат хизмати раҳбари Олий суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот ва ижтимоий ҳимоя шартлари бўйича Олий суд департамент бошлиғига тенглаштирилади.
Комплаенс назорат бўйича инспекторлар Олий суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот ва ижтимоий ҳимоя шартлари бўйича Олий суд бош консультантига тенглаштирилади.
Комплаенс назорат бўйича инспекторлар Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жойлаштирилади.
Комплаенс назорат хизмати лавозимларига ҳалол, пок ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган олий юридик маълумотли, шунингдек, қоида тариқасида, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш стажига эга номзодлар тайинланади.
Комплаенс назорат хизмати ходимларига юклатилган вазифалар доирасида суд аппарати ходимларининг одоб-аҳлоқи ҳамда хизмат вақтида ва хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини тутиши, умумэътироф этилган одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиши билан боғлиқ масалаларда хизмат текширувларини ўтказиш ваколати берилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА