“Олимпия шаҳарчаси”дан самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди
Пойтахтимизда қарийб 100 гектар майдонда барпо этилиб, фаолиятини бошлаган “Олимпия шаҳарчаси” қисқа фурсатда йирик спорт тадбирлари, анжуманлар, мусобақалар марказига айланди.
Ўтган давр мобайнида спорт ташкилотлари, федерация ва ассоциациялар, таълим муассасаларини қамраб олган “Олимпия шаҳарчаси”да бир нечта халқаро тадбирлар, 50 дан зиёд мамлакат миқёсидаги чемпионат ва биринчиликлар, юзга яқин ўқув-машғулот йиғинлари, оммавий тадбирлар ташкил этилди.

Бугунги кунда халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти рамзига айланган замонавий мажмуага ташқи инвесторларни жалб қилиш, спорт объектлари фаолиятини тижоратлаштириш ва давлат-хусусий шериклик борасидаги ишларда самарадорликка эришиш муҳим вазифа саналади.
Спорт вазирлигида “Олимпия шаҳарчаси”нинг имкониятларидан кенг фойдаланишга бағишланган тақдимот йиғилишида шу ҳақда сўз борди.
Унда иштирок этган Спорт вазири Адҳам Икромов “Олимпия шаҳарчаси”дан самарали фойдаланиш, спорт объектларини бошқариш ва самарадорлигини ошириш, хусусий секторни жалб этиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мамлакатимиз спортининг юксалишига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида спорт объектларининг асосий функционал вазифасини сақлаб қолган ҳолда, уларни йил давомида самарали ишлатиш, турли мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинлари, оммавий тадбирлар ва халқаро анжуманларни ўтказиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, спорт объектлари фаолиятини тижоратлаштириш, мавжуд инфратузилмадан қўшимча хизматлар ва дастурлар орқали самарали фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик асосида истиқболдаги лойиҳаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Т. Рўзиев, ЎзА