“Оксфорд ўзбекшунослик дастури” доирасида Ёзги мактаб бошланди
Ўзбек тили энди фақат дарслик ва аудиторияларда эмас, балки дунёнинг етакчи университетларидан бири Оксфордда ҳам чуқур ўрганилмоқда.
“Оксфорд ўзбекшунослик дастури” доирасида бошланган Ёзги мактаб эса бу жараённи бевосита Ўзбекистонда давом эттириб, хорижлик талабалар ва тадқиқотчиларга ўзбек тили, тарихи ва маданиятини унинг табиий муҳитида ўрганиш имконини бермоқда.
“Оксфорд ўзбекшунослик дастури”га 2025 йил октябрь ойида Президент Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева томонидан старт берилган эди. Ушбу лойиҳа “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан Оксфорд университети билан ҳамкорликда ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кўмагида йўлга қўйилган. Унинг асосий мақсади — ўзбек тили, тарихи ва маданиятининг халқаро академик майдонда тизимли ўрин эгаллашини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонни ўрганувчи хорижий тадқиқотчиларнинг янги авлодини шакллантиришдир.
Дастур доирасида Оксфорд университети талабалари ва академик ҳамжамияти вакиллари учун ёзги мактаб ташкил этилмоқда. Ўқув йили давомида унинг иштирокчилари замонавий ўзбек ва чиғатой тилларини ўргандилар, адабий манбалар, қўлёзма мерос ва Марказий Осиёнинг тарихий-маданий муҳити билан танишдилар. Энди назарий билимлар бевосита Ўзбекистонда тил ва маданиятга чуқур сингиш орқали мустаҳкамланади.
Ёзги мактаб 27 августдан 23 сентябргача Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети негизида бўлиб ўтади.
Дастур ўзбек ва чиғатой тиллари бўйича жадаллаштирилган машғулотларни, шунингдек, тарих, адабиёт, тасаввуф, жадидчилик ҳаракати, қўлёзма мерос ва ўзбек киносига бағишланган маърузаларни ўз ичига олади. Иштирокчилар UzAcademy платформаси, амалий санъат анъаналари, миллий мусиқа ва кундалик турмуш маданияти билан ҳам танишадилар.
Таълим маршрути Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини қамраб олади. Музейлар, тарихий обидалар, кутубхоналар, ҳунармандчилик марказлари ва анъанавий масканларга ташриф буюриш иштирокчиларга тил, тарих ва мамлакатнинг замонавий ҳаёти ўртасидаги жонли алоқани кўриш имконини беради.
Ёзги мактабнинг айнан Ўзбекистон давлат мустақиллиги байрами кунларида ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу хорижлик тадқиқотчилар учун нафақат мамлакатнинг бой мероси билан танишиш, балки дунёга очиқ, ўз тарихини ардоқлайдиган ва келажагини ишонч билан барпо этаётган замонавий Ўзбекистонни кўриш учун ҳам имконият яратади. Ёзги мактаб Оксфорд дастурининг муҳим амалий босқичига айланади: тил дарслик доирасидан чиқиб, кўчаларда, университет хоналарида, музейларда ва жонли мулоқотда янграй бошлайди.
“Оксфорд ўзбекшунослик дастури” Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, сивилизациялар мулоқоти, маданий алоқаларни чуқурлаштириш учун янги майдон яратади ҳамда хориждаги ўзбекистонлик стипендиатлар ва талабаларни халқаро майдонда Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини акс эттирувчи ўзига хос зиёлилар ҳамжамиятига бирлаштиради.
Дастур 2025 йилнинг кузида иш бошлади. 2026 йилнинг баҳорига келиб замонавий ўзбек тилидан бошланғич курс ва ўрта даражадаги чиғатой тили курси бўйича уч ўқув триместридан иккитаси якунланди.
Замонавий ўзбек тили машғулотларининг биринчи кунида 25 нафар тингловчи рўйхатдан ўтди. Икки триместр якунига кўра 15 нафар доимий иштирокчидан иборат барқарор гуруҳ шаклланди. Чиғатой тили курсига дастлаб беш киши ёзилган бўлса, биринчи триместрдан сўнг уларга яна икки нафар тадқиқотчи қўшилди. Барча иштирокчилар якуний триместрда ўқишни давом эттириш ниятида эканликларини билдирдилар. Умуман олганда, дастур ҳозиргача Оксфорд университетининг 20 дан ортиқ талаба ва тадқиқотчисини қамраб олди. Бу ҳам замонавий ўзбек тилига, ҳам мумтоз ёзма меросни ўрганишга жиддий академик талаб мавжудлигидан далолат беради.
Ўзбек тилини деярли билмасдан ўқишни бошлаган тингловчилар Тил билишнинг умумевропа тизими (CЕFR) бўйича тахминан А2 даражасига эришдилар. Энг сезиларли ўсиш ўқиш ва ёзма нутқда қайд этилди. Таълимнинг кейинги босқичи оғзаки мулоқот ва тинглаб тушуниш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. Жадал суръатдаги таълим ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ёзги мактабидаги иштирокни ҳисобга олсак, талабалар бир тақвим йили давомида B1 даражасига яқинлаша олиши тахмин қилинмоқда.
Матн ва таржима билан ишлашнинг анъанавий Оксфорд услубини замонавий коммуникатив ёндашувлар билан уйғунлаштирган мазмундор ўқув дастури шакллантирилди. Ўқитишда муаммоли ва амалиётга йўналтирилган топшириқлар, жуфтликда ишлаш, материални олдиндан мустақил ўрганиш, рақамли ресурслар ва мултимедиа контентидан фойдаланилмоқда.
Ўқув жараёнига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг қўлланмалари, ўзбек тили бўйича халқаро дарсликлар, ўқитувчининг муаллифлик материаллари, аудиоёзувлар ва видеодарслар жалб қилинган. UzAcademy платформасидан янада фаолроқ фойдаланиш учун замин ҳозирланди.
Чиғатой тили йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Талабалар ХIV аср охиридан ХХ аср бошларигача бўлган даврда яратилган босма ва қўлёзма матнлар билан ишладилар. Дастурга эпик шеърият, тарихий асарлар ва дипломатик ёзишмалар киритилди. Бодли кутубхонасининг махсус фондларидаги қўлёзмалар асосида палеографияни чуқур ўрганиш кўзда тутилган.
Лойиҳа Оксфорд университети ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Дастур турли факултетлар, тадқиқот марказлари ва коллежларга тақдим этилмоқда. Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари, замонавий тиллар, тилшунослик, Россия ва Шарқий Европа тарихи, ислом санъати ва моддий маданият соҳалари мутахассислари алоҳида қизиқиш билдирмоқда.
Муваффақиятнинг муҳим кўрсаткичи ҳозирги тингловчиларнинг ўқишни давом эттириш истагидир: ўрта даражадаги ўзбек тили ва юқори даражадаги чиғатой тили курсларига эҳтиёж аллақачон мавжуд. Бу дастурнинг бир марталик танишув курси билан чекланиб қолмай, аста-секин барқарор таълим йўналишини шакллантираётганини англатади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА