Оксфорд аудиториясидан Ўзбекистонга: тил, тарих ва маданият мулоқоти
Бугун “Эл-юрт умиди” жамғармасида “Оксфорд ўзбекшунослик дастури” доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Жамғарма стипендиатлари, Буюк Британиянинг Оксфорд университети талабалари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этган тадбирда дастурнинг дастлабки натижалари, “Ёзги мактаб” давомида орттирилган тажриба, ўзбек тилини халқаро академик маконда ўқитиш истиқболлари ҳамда хорижий ўзбекшуносларнинг янги авлодини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида: “Оксфорд ўзбекшунослик дастури” лойиҳаси “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Оксфорд университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Дастурнинг асосий мақсади — ўзбек тили, тарихи ва маданиятининг халқаро академик майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишларда тизимли тадқиқотлар олиб бориш учун шароит яратиш ҳамда Ўзбекистонни чуқур ўрганувчи хорижий тадқиқотчиларнинг янги авлодини етиштиришдир.
Дастур иш бошлаганидан буён Оксфорд университетининг 20 нафардан ортиқ талаба ва тадқиқотчиси замонавий ўзбек ҳамда чиғатой тиллари курсларига жалб этилди.
Оксфорд аудиторияларида бошланган лойиҳа бугун халқимизнинг тарихий хотираси ҳамда маданий мероси мужассам бўлган макон — Ўзбекистонда давом этмоқда.
“Ёзги мактаб” лойиҳаси жорий йил 27 августдан 23 сентабргача ўтказилмоқда. Дастур иштирокчилари ўқув йили давомида ўзлаштирган назарий билимларини бевосита тил муҳити, академик машғулотлар ва жонли маданий мулоқот орқали мустаҳкамламоқда.
“Ёзги мактаб”нинг дастлабки кунлариданоқ иштирокчилар учун мазмунан бой ва жадаллашган таълим дастури ташкил этилди. Унда ўзбек тилининг кундалик турмушдаги ўрни, шахсий қизиқишлар, миллий таомлар, бозор маданияти, оилавий анъаналар, байрамлар, миллий ўйинлар, мусиқа ва маданий меросга бағишланган мавзулари бўйича амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, талабалар Ўзбекистон тарихи ва маданий мероси, чиғатой тили ҳамда қадимий қўлёзмалар асосларига оид маъруза ва семинарларни тингладилар. Ўзбек кулолчилиги бўйича амалий машғулотлар, миллий рақс ва санъат намойишлари эса уларга халқимиз маданиятини нафақат назарий жиҳатдан ўрганиш, балки бевосита ҳис этиш имконини ҳам берди.
Дастур доирасида иштирокчилар “UzAcademy” таълим платформаси билан ҳам танишиб, ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга мўлжалланган рақамли имкониятлар ҳақида маълумот олишди.
Аудиториядаги машғулотлар Тошкент бўйлаб ташкил этилган илмий-маърифий ва маданий ташрифлар билан уйғунлаштирилди. Хусусан, “Ёзги мактаб” иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказида буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, Оксфорд университети талабалари Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондига ҳам ташриф буюрдилар. Улар қўлёзмаларни таъмирлаш устахонасида қадимий манбаларни асраб-авайлаш жараёнини жонли кузатиб, фондларда сақланаётган нодир асарларни кўздан кечиришди. Айтиш керакки, асрлар давомида сақланиб келаётган ушбу бебаҳо манбалар уларга ўзбек халқининг илмий, адабий ва маънавий меросини чуқурроқ англаш имконини берди.
Бундан ташқари, дастур иштирокчилари Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Мустақиллик майдони, Амалий санъат музейи, “Наврўз” боғини бориб кўрдилар. Шу тариқа тил дарслик ва аудитория доирасидан чиқиб, тарихий обидалар, музейлар, қўлёзмалар, санъат намуналари ва кундалик мулоқот орқали жонли мазмун касб этмоқда. Иштирокчилар ўзбек тилидаги ҳар бир янги сўз ортида халқнинг тарихи, дунёқараши ва маданий хотираси мавжудлигини амалда ҳис қилмоқдалар.
[gallery-31310]
Келгуси ҳафтада “Ёзги мактаб” иштирокчилари учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига илмий-маърифий экспедициялар ташкил этилиши кўзда тутилган. Сафарлар давомида улар тарихий обидалар, музейлар, кутубхоналар, ҳунармандчилик марказлари ва анъанавий маданий масканларда бўлиб, ўзбек тили ва тарихини асл муҳитида ўрганишни давом эттирадилар.
Ушбу экспедициялар талабаларга Марказий Осиёнинг йирик илм-фан ва маданият марказлари сифатида шаклланган Самарқанд ва Бухоронинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини чуқурроқ англаш, ёзма манбалар билан меъморий мерос ўртасидаги боғлиқликни кўриш имконини беради.
“Оксфорд ўзбекшунослик дастури” бир марталик танишув курси билан чекланмай, ўзбек тили ва мумтоз ёзма меросини тизимли ўрганишга қаратилган барқарор академик йўналишни шакллантирмоқда. Лойиҳа минтақалар ўртасида илмий-маданий кўприк яратиш, тамаддунлар тарихи мулоқотини чуқурлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги халқаро академик билимларни бойитишга хизмат қилади.
Абдуғафур Маматов,
ЎзА