ОКМК академияси тарбияланувчилари мамлакат чемпиони бўлди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси академиялари ўртасидаги мамлакат чемпионатида ОКМК футбол академиясининг U14 жамоаси бош совринни қўлга киритди.
Финал учрашувида олмалиқлик ёш футболчилар «Сирдарё» футбол академияси жамоасига қарши майдонга тушди. Кескин ва муросасиз кечган баҳс тақдирини Мадёрхон Аббосхонов томонидан киритилган ягона гол ҳал қилди. Натижада ОКМК академияси вакиллари 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди.

Мазкур муваффақият клуб академиясида ёш истеъдодларни саралаш ва тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар самараси сифатида эътироф этилмоқда.
Маълумот ўрнида, жамоа жорий йил февраль-май ойлари давомида ўтказилган мусобақанинг биринчи босқичида «Марказ» минтақасида муваффақиятли иштирок этиб, ҳал қилувчи босқич йўлланмасини қўлга киритган эди.

Плей-офф баҳсларида ҳам ОКМК академияси футболчилари ишончли ўйин намойиш этди. Чорак финалда «Насаф» футбол академияси 3:0, ярим финалда эса «Қашқадарё» футбол академияси худди шу ҳисобда мағлуб этилди. Ана шу ғалабалар жамоанинг финалга қадар етиб келишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Мусобақа якуний натижаларига кўра, ОКМК футбол академияси биринчи ўринни эгаллади. «Сирдарё» футбол академияси кумуш медалларга, «Андижон» футбол академияси бронза медалларга сазовор бўлди. Тўртинчи ўриндан эса «Қашқадарё» футбол академияси жой олди.

Тақдирлаш маросимида ОКМК академияси ҳужумчиси Мадёрхон Аббосхонов алоҳида эътироф этилди. У мусобақа давомидаги сермаҳсул ўйини учун турнирнинг энг яхши тўпурари деб топилди ва махсус соврин билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА