ОКМК академияси чемпионликни қўлга киритди
Сирдарё футбол академияси майдонида U-14 ёш тоифасидаги Академиялар чемпионати бўлиб ўтди. Чемпионат давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган футбол академиялари вакиллари ўртасида қизғин рақобат кечди. Бу эса ёш истеъдодларни саралаш, уларнинг маҳорат салоҳиятини ошириш ҳамда профессионал футбол учун муносиб захира тайёрлашда муҳим аҳамият касб этди.
Якундаги финал баҳсида Сирдарё футбол академияси ҳамда ОКМК футбол академияси жамоалари чемпионлик учун майдонга тушишди.


Ўйин юқори суръат ва кескин курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоа ўйинчилари баҳс давомида техник маҳорати, тактик тайёргарлиги ва ғалабага бўлган интилишларини намоён этишиб, мухлисларга қизиқарли футбол томошасини тақдим этишди. Айниқса, футболчиларнинг тезкор ҳужумлари, аниқ узатмалари ва жамоавий ҳаракатлари баҳсга янада шиддат бағишлади.
Ўйинда ғалабага эришган ОКМК футбол академияси чемпионлик шоҳсупасининг энг юқори поғонасини эгаллади. Мезбон жамоа — Сирдарё футбол академияси иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, Андижон футбол академияси мусобақанинг бронза медали соҳибига айланди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланди. Уларга медаллар, дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.







Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА